РУС ТИЛИ — рус халқи тили, жаҳонда кенг тарқалган тиллардан. Аввал СССРда, сўнг РФ ва МДҲ да миллатлараро ва давлатлараро алоқа воситаси. Рус тили Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги 6 расмий тилдан бири саналади. Украин ва белорус тиллари билан биргаликда ҳиндевропа тиллари оиласига кирувчи славян тилларининг шарқий гуруҳини ташкил этади. Ўтган асрнинг 80-й. ларидаги маълумотларга кўра, Рус тилида сўзлашувчиларнинг умумий сони 250 млн. кишидан, жумладан, ҳоз. РФ ва МДҲ мамлакатларида 185 млн. кишидан иборат. Бундан ташқари, мазкур ҳудудлардаги 60 млн. дан ортиқ киши Рус тилида эркин сўзлаша олади.
Рус тили жуда узоқ ва мураккаб ривожланиш тарихига эга. Энг қад. рус адабий тили Киев Русида шаклланган бўлиб, у 14-а. гача шарқий славянлар учун умумий тил ҳисобланган. 14—15-а. ларда қад. Рус тили 3 тилга — великорус (рус), украин ва белорус тилларига бўлиниб кетади. Шу даврдан бошлаб Рус тили бошқача айтганда, великорус тили маркази Москва бўлган Рус давлати ҳудудида ривожлана бошлайди.
Рус тили лаҳжа ва шевалари 2 га: шим. великорус («о» ловчи) ва жан. великорус («а» ловчи) гуруҳларига бўлинади; ўрта рус шевалари мазкур ҳар иккала гуруҳ хусусиятларини ўзида акс эттиради. 16— 17-а. ларда шим. ва жан. лаҳжалар чегарасида бўлган Москвада ўзига хос койне (умумий лахжа) шаклланиб, у намунали тилга айланади.
Қад. Рус тили хусусиятларини саклаб қолган адабий тил билан сўзлашув тили ўртасида сезиларли тафовутлар пайдо бўлиб, 17-а. дан бошлаб рус миллати ва рус миллий тили шакллана бошлайди. 17-а. охири —18-а. бошидаги адабий тил бой ва ифодали, кўплаб ғарбий европа ўзлашмаларига эга эсада, барқарор бўлмаган. Уни тартибга солиш ва барқарорлаштиришда М. В. Ломоносовнинг хизматлари катта бўлган. 19-а. бошларида адабий тилнинг халқчиллиги бош муаммо ҳисобланиб, бу муаммонинг ечимида И. А. Крилов, А. С. Грибоедов, айниқса, А. С. Пушкин ижоди алоҳида ўрин тутади. Айни Пушкин ижодида умуммиллий рус адабий тилининг шаклланиши якун топади. Пушкиннинг буюк хизмати шундаки, унинг ижодида адабий Рус тилининг умуммиллий меъёрлари ишлаб чиқилган ва мустаҳкамланган ҳамда бу меъёрлар Пушкиннинг замондошлари ва ундан кейинги авлод томонидан қабул қилинган.
Адабий тилнинг бойишига 19—20-а. лардаги рус адабиётининг мумтоз вакиллари улкан ҳисса қўшдилар; 19 а. нинг 2-ярмидан бошлаб унинг ривожланишига ёзувчилар билан бир қаторда жамоат арбоблари, фан ва маданият намояндалари ҳам катта таъсир кўрсатиб келмокдалар. Окт. тўнтаришидан сўнг ўзгача ижтимоий тузум ҳамда фан ва техниканинг ривожланиши туфайли Рус тилида, айниқса, унинг лексикасида сезиларли ўзгаришлар пайдо бўдди, адабий тилнинг умумий демократлашуви кучайди.
Рус тили флективсинтетик тиллардан бўлиб, унда 3 та грамматик жинс категорияси, отларнинг 3 хил турланиши, феълларнинг 2 хил тусланиши мавжуд; кўмакчилар предлог кўринишида, яъни ўзи боғланадиган сўзлар олдидан жойлашади.
Ҳоз. рус алифбоси Кирилл ёзуви (кириллица)га асосланган (қ. Рус алифбоси). Унда битилган энг қад. ёдгорликлар 11-а. га тааллуклидир.
20-а. ўрталаридан бошлаб бутун жаҳонда Рус тилини ўрганиш кенг тарқалади. Рус тили дунёдаги 100 дан ортиқ мамлакатда ўқитилади. 1967 й. да Рус тили ва адабиёти ўқитувчиларининг халқаро ассоциацияси, 1973 й. да А. С. Пушкин номидаги Рус тили ин-ти ташкил этилган. Шўро даврида Ўзбекистонда ва МДҲнинг бир қанча мамлакатларида Рус тилини ўқитишўргатишга алоҳида эътибор берилган, ҳатто бу жараён мажбурий асосда олиб борилган. Ҳоз. пайтда ҳам республикамизда Рус тилини ўргатиш, аввалгидай мажбурий бўлмасада, ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Ад.: Виноградов В. В., Русский язык. Грамматическое учение о языке, 2 изд., М., 1972; Русская грамматика, т., 1—2, М., 1980.
Абдуваҳоб Мадвалиев.