РУМИЙ

РУМИЙ Қозизода (Салоҳиддин Мусо ибн Муҳаммад) [тахм. 1360, Кичик Осиёдаги Брусса ш. (ҳоз. Туркиянинг Бурса ш.) — 1437, Самарқанд] — математик ва астроном. Хуросон ва Мовароуннахрда билим олган. Тахм. 1400 й. да Самарқандга ўқиш ва илмий фаолиятини давом эттириш учун келган. Амир Темур саройининг бош астрономи Мавлоно Аҳмад қўлида ҳам ўқиган. Улуғбек илмий мактабининг яратилишида Румийнинг иштироки катта. Хусусан, Румий ташаббуси билан Ғиёсидцин Жамшид Коший ва б. олимлар Самарқандга таклиф этилган. У Улуғбек мадрасасида мат. ва астрономиядан маъруза ўқиган. Румийни замондошлари «Афлотуни замон» (ўз даврининг Платони) деб аташган. Улуғбек расадхонаси қурилишининг раҳбарларидан бири. Коший вафотидан сўнг умрининг охиригача унинг нозири. Р. Улуғбекнинг барча илмий тадбирларида, жумладан, «Зижи Кўрагоний» тузишда иштирок этган.

Румий арифметикага оид тенгламаларни ечишнинг Коший таклиф қилган итерацион усулига оид рисола ва б. асарлар ёзган. Кошийнинг бу мухим ихтироси бизгача фақат Румий ва Мирам Чалабий асарлари орқали (ҳар иккисида турлича баёнда) етиб келган. Шунингдек, Махмуд алЧағминийнинг «Астрономиянинг қисқа баёни», Жамшиддин Самарқандийнинг геометрия асосларига доир, Масъуд Тафтазонийнинг «Илмлар калити» асарларига Румий ёзган шарҳлари кенг тарқалган. Румийнинг ўғли Ҳасан Чалабий, невараси Мирам (Мириам) Чалабий ҳам таниқли олим бўлишган.

Ад.: ҚориНиёзий Т. Н., Улуғбек ва унинг илмий мероси, Т., 1971.