РУБОИЙ (араб. — тўртлик) — Шарқ халқлари шеъриятида кенг тарқалган поэтик жанр. Тайин ғоявийбадиий ва шаклий шартларга биноан яратилган 4 мисрадан иборат фалсафий, ахлоқий, таълимий ёки ишқий мавзудаги шеър. Р. ҳазаж бахрида (ахрам ва ахраб вазнларида жами 24 та) ёзилади. Бошқа баҳрларда ёзилган тўртликлар дубайтий, куйланадиганлари эса тарона деб аталади. Рубоий қофияланиш тартибига кўра икки хил бўлади. Биринчи хил Рубоий ларнинг 1—2—4мисралари ўзаро қофияланади (а-а-б-а шаклида). Мас: Кўпдин бериким ёру диёрим йўқтур, Бир лаҳзау бир нафас қарорим йўқтур. Келдим бе сори ўз ихтиёрим бирла, Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.
Бобур. Иккинчи хил Рубоийда тўртала мисраси ҳам қофияланади (а-а-а-а шаклида).
Мас: Андин бериким қошимда ёрим йўқтур, Ҳижронда жуз нолаи зорим йўқтур. Дашт узра қуюн каби қарорим йўқтур, Саргашталигимда ихтиёрим йўқтур.
Навоий. Р. даги 4 унсур 4 мисрада айтилмоқчи бўлган фикрнинг тўғри, бадиий юксак, композицион жиҳатдан пишиқ бўлишини таъминлайди. 1-мисра — тезисда шоир айтмоқчи бўлган фикр ўртага ташланади; 2-мисра — антитезисда биринчисига қарама-қарши фикр айтилади, бирок, у тезисни исботига хизмат қилади; 3-мисра — моддаи рубоия 4-мисрада айтилмоқчи бўлган хулоса учун кўприк вазифасини ўтайди; 4-мисра — синтезда аввалги 3 мисрадан ғоявий хулоса чиқарилади, бу шоирнинг асосий ғояси ҳисобланади.
Рубоий шаклидаги шеърлар халқ оғзаки ижодида пайдо бўлган, намуналари «Девону луғотит турк»да учрайди. Дастлабки Рубоийларни Рудакий ва Шаҳиди Балхий яратган. Бадриддин алҚавомий (12-а.) араб, форс ва туркий тилларида Рубоий ёзган. А. Руний, С. Салмон, Ибн Сино, Умар Хайём ва бошқалар Рубоийнинг моҳияти ва услуб жиҳатдан юксак намуналарини ижод қилганлар. Навоий ижодида эса юқори босқичга кўтарилган. Навоий Рубоий ларида ҳаётий таассурот, ижтимоий-сиёсий ва фалсафийахлоқий мулоҳазалар юксак бадиий шаклда ўз ифодасини топган. Кейинроқ Бобур бу жанрни ривожлантирган. 19-а. да Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий ва бошқалар Рубоийнинг гўзал намуналарини яратганлар. Ҳоз. давр ўзбек адабиётида Шайхзода, Шуҳрат, Рамз Бобожон, Толиб Йўлдош каби шоирлар Рубоий ёзганлар. Бироқ уларнинг баъзилари Рубоий вазнида ёзилмаганлиги учун дубайтий ёки тўртлик деб аталади.
Ад.: Орзибеков Рубоий, Лирикада кичик жанрлар, Т., 1976; Нос и ров О.,Жамолов С, Зиёвиддинов М., Ўзбек классик шеърияти жанрлари, Т., 1979; Ҳаққулов И ., Ўзбек адабиётида рубоий, Т., 1981.
Бегали Қосимов.