РОЗМАРИН

РОЗМАРИН, Оқ Розмарин — кечпишар қишки олма нави. Италия (Жан. Тирол)да чиқарилган. 19-а. нинг охирларида Қрим орқали Ўзбекистонга келтирилган. Дарахти кенг пирамидасимон, шохлари тик ва кучли усади. Бал. 13—15 м га боради. Гуллари йирик, оқ. Апр. нинг 2-ярмида гуллайди. Меваси ўртача (75—100 г), сирти силлиқ, чўзиқ, пусти майин, оқ нуқталари бор, эти оқ, мулойим, сувли, хушхўр. Таркибида 83,6% сув, 0,34% кул, 10,8% қанд, 0,53% кта, 0,7% пектин моддалари, 2,2 мг (1000 г да) темир моддаси мавжуд. Меваси окт. бошларида териб олинади. Ер ости суви чуқур, бўз тупроқли ерларда ҳар тупи 300—500 кг (айрим дарахтларидан 1,5—2 т) ҳосил олинади. 22—25 ёшида мўл ҳосил беради. Бироқ мевалари (айниқса, ҳосил йиғиштирилиши олдидан) кўп тўкилади. Мазаси сақланиши жиҳатдан энг яхши навлардан. Совуққа чидамли. 20-а. нинг 60-й. ларига қадар Ўзбекистонда асосий навлардан бири сифатида кўп экилган.