РОСТ

РОСТ — Ўн икки мақом, Шашмақом ва Хоразм мақомларидан бири. Ўрта аср мусиқа рисолаларида кўп куй ва ашулалар Рост товушқаторига мос келгани учун шу ном билан аталганлиги қайд этилган. Рост мақоми миксолидий гаммага тўғри келади. Шашмақомда Ростнинг чолғу қисмлари Таснифи Рост, Гардуни Рост, Мухаммаси Рост, Мухаммаси Ушшоқ, Мухаммаси Панжгоҳ, Сақили Ислимхон, Сақили ракраклардан иборат. Ашула бўлимида 2 гуруҳ шўъбалар бўлиб, биринчисига Сарахбори P., Талқини Ушшоқ, Насри Ушшоқ, Наврўзи Сабо, уларнинг тароналари ва Уфари Ушшоқ ҳамда супориш қисмлари киради. 2 гуруҳ шўъбалари Савти Ушшоқ, Савти Сабо ва Савти калон деб аталиб, ҳар бирида 5 та шохобча туркум тарзида ижро этилади. Рост мақоми шўъбалари авжида Ушшоқ, Сегоҳ, Уззол, Муҳайяри Чоргоҳ намудлари ва Зебо пари авжи ишлатилади.