РОССИЯДА ФУҚАРОЛАР УРУШИ

РОССИЯДА ФУҚАРОЛАР УРУШИ — Октябрь тўнтариши натижасида Россияда ҳокимиятни қўлга киритган большевиклар билан бошқа ижтимоий гуруҳлар ва сиёсий кучлар ўртасидаги уруш (1918—1922). Бу уруш Россияга бостириб кирган 14 та давлатнинг интервенцияси билан ўзаро қўшилиб кетган. Россия Биринчи жаҳон урушидан чиққандан кейин Германия ва АвстрияВенгрия қўшинлари унга карашли Украина, Белоруссия, Болтиқбўйи ва Жан. Россияни босиб олишган (1918 й. фев.). Брест сулҳи (1918 й. март) имзолангандан кейин бу ҳудудларнинг катта қисми Германия ихтиёрига ўтган. 1918 й. мартда Англия—АҚШ — Италия — Канада қўшинлари Мурманскка туширилди; апр. да японлар Владивостокни эгаллашди; май ойида АвстрияВенгрия армиясининг асир олинган 40 минг кишилик чехословак корпуси аскарлари исён кўтарди. Буларнинг ҳаммаси янги ҳокимият учун жиддий хавф туғдирган.

1918 й. ёзи — кузида Россиянинг 3/4 қисмида турли ҳукуматлар, Мас, 8 июнда Самарада эсерменьшевикларнинг Волгабўйи ҳукумати — таъсис мажлиси аъзоларининг комитети (Комуч) (хукумат раиси — эсер В. К. Вольский); 23 июнда Томскда Муваққат Сибирь ҳукумати (хукумат раиси — П. В. Вологорский); 23 сент. да Уфа Директорияси (раиси — Н. Д. Авксентьев); 28 сент. да Архангельск губерниясида шим. вилоят Муваққат хукумати (хукумат раиси генерал Е. К. Миллер); Ашхободда Закаспий Муваққат хукумати (хукумат раиси — эсер Фунтиков) тузилган. Бироқ ҳокимиятни зўравонлик б-н эгаллаган большевиклар уни курол кучи билан сақлаб қолишга уринишган. 1918 й. фев. да қизил армия ташкил қилинган, большевиклар «ҳарбий коммунизм» сиёсатига ўтишган. Озиқ-овқат тақсимоти (развёрстка) натижасида озиқовқат тўпловчи отрядлар (продотрядлар) ташкил қилиниб, улар аҳоли қўлидаги озиқ-овқат маҳсулотларини тортиб олиш б-н шуғулланган. 1918 й. ёзида қизил армия зудлик билан қайта қурилган. 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча эркаклар учун мажбурий ҳарбий хизмат жорий қилинди, армияда ҳарбий комиссар лавозими таъсис этилди, синфийлик тамойилларига амал қилинди ва марказий бошқарувга ўтилди (1918 й. июль). Совет режими ўз мавқеини сақлашда ҳарбий таянчи бўлган қизил аскарларга кўплаб имтиёзлар берган.

1918 й. 5 сент. да РСФСР ХКС «Кизил террор ҳақида» декрет чиқариб, фронт ва унинг орқасида курашнинг шафқатсиз шакли — оммавий террорни қўллаган. Бутунроссия Фавкулодда Комиссияси (БФК) га фуқароларни ҳеч қандай суд ва терговсиз отиш ҳуқуқи берилган. Чекистларнинг шафқатсизлиги совет ҳокимиятининг ўзига хос рамзига айланган. Большевиклар ва советларга қарши кучлар ҳам уларга нисбатан худди шундай чоралар кўришган. Фуқаролар уруши ўзининг бутун даҳшатли қонунларини оммавий равишда намойиш килган.

Қизил армиянинг қайта курилиши натижасида у тез орада дунёдаги энг катта ва тажовузкор армиялардан бирига айланган (1918 й. баҳорида 300000; ёзида 600000; кузида 1 млн. ; 1920 й. да 5 млн. киши). 1918 й. 2-ярмида у Шарқий фронтда дастлабки ғалабаларини қўлга киритган. Волгабўйи ва Урални эгаллаган. 1918 й. 13 нояб. да совет хукумати Брест сулҳини бекор қилгандан сўнг, Украина, Белоруссия ва Болтиқбўйи Россияга қўшиб олинган. «Ҳарбий коммунизм» сиёсати, казаклар ва бадавлат крестьянлар (деҳқонлар)ни йўқотишга мўлжалланган ҳарбий ҳаракатларга қарши Россиянинг турли минтақаларида крестьянлар ва казакларнинг кўплаб исёнлари ва қўзғолонлари бўлиб ўтган. Бироқ совет ҳокимиятига қарши қаратилган бундай норозилик чиқишлари (1918 й. июнь — Тамбов; июль — Ярославль; авг. — Ливенск ва ҳ. к.) ни қизил армия шафқатсизлик билан бостирган.

1919 й. март—май ойларида кизил армия Россия шарқида адмирал А. В. Колчак, жан. да генерал А. И. Деникин, ғарбида генерал Н. Н. Юденичнинг жуда катта ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлди. Шарқий фронт кўшинларининг май — июль ойларидаги умумий ҳужуми натижасида қизил армия Урал, кейинчалик Сибирни эгаллади. 1919 й. апр. авг. ойларида хорижий давлатлар Жан. Украина, Қрим, Бокудан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Кизил армиянинг Жан. фронт қўшинлари Орёл ва Воронеж атрофларида Деникин армиясини мағлубиятга учратиб, уларни Қримга суриб чиқарган (1920 й. март). 1919 й. кузида Петроград атрофида Юденич армияси тормор килинган. 1920 й. бошларида Россиянинг Шим. Губерниялари ва Каспий денгизи соҳиллари эгалланди. Антанта давлатлари барча қўшинларини бутунлай чақириб олган.

Россия-Польша урушидан сўнг, кизил армия генерал П. Н. Врангель (1878— 1928) қўшинларига кучли зарба берган ва уларни Қримдан суриб чиқарган (1920 й. нояб.). Врангель бошчилигида 145693 киши 126 кемада Севастополдан хорижга жўнаб кетишга мажбур бўлган. Украина, Озарбайжон, Грузия, Арманистон республикаларидаги мустақил миллий ҳукуматлар ҳам қизил аскарлар томонидан тормор келтирилган. Бу ҳудудларда совет режими ўрнатилиб, улар совет Россияси таркибига киритилган (1920—21). 1921 — 22 й. ларда Кронштадт, Тамбов губернияси (А. С. Антонов бошчилигида), Украинанинг кўплаб туманлари ва б. жойларда большевикларга қарши кўтарилган исёнлар ва қўзғолонлар ҳам қизил армия томонидан шафқатсиз равишда бостирилган. Узоқ Шарқдаги оқ гвардиячилар ҳукумати ҳам тугатилгач (1922 й. 25 окт.), Р. ф. у. тугади.

Россиядан фарқпи ўлароқ, бу даврда Туркистон минтақасида фуқаролар уруши бўлмаган, хорижий давлатлар бу ҳудудга ўз қўшинларини ҳам киритмаганлар (фақат Закаспий вилояти бундан мустасно). Туркистонда совет режими ўрнатилгач, босқинчи кизил армия ва большевикларга қарши истиқлолчилик ҳаракати бошланган. Кейинчалик баъзи оқ гвардиячи офицерлар Россиядан Фарғона водийсига келиб, қўрбошилар гуруҳларида ҳарбий инструктор сифатида фаолият кўрсатишган. Катта Эргаш, Мадаминбек, Жунаидхон билан Колчак, А. И. Дутов, Анненков ўртасида айрим алоқалар бўлган. Бироқ Колчак ва б. нинг Туркистондаги бу ҳаракатдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишини сезган қўрбошилар улар билан алоқаларни тўхтатишган.

Россияда фуқаролар уруши катта йўқотишлар келтирган. Очарчилик, турли касалликлар, террор ваҳарбий ҳаракатларда 8—13 млн. киши (улардан фақат 1 млн. қизил аскарлар) қалок бўлган. Бу даврда 2 млн. киши Россияни тарк этган. Халқ хўжалигига келтирилган моддий зарар тахм. 50 млрд. олтин рублни ташкил қилади. Саноат маҳсулотлари и. ч. 1913 й. га қараганда деярли 20%, кўмир қазиб чиқариш 33%, нефть олиш 50%, қ. х. маҳсулотлари етиштириш эса 40% қисқарган.

Ад.: Гражданская война в России: перекресток мнений, М., 1994; История России XX век, М., 2000; История Советской России, Санкт-Петербург, 2001.

Қаҳрамон Ражабов.