РОМАНС

РОМАНС (испанча romanice — романча, роман тилига оид) — камер мусиқа жанри, чолғу жўрлигида яккахон хонанда ижросига мулжалланган мусиқийшеърий асар. Ўрта асрлар ва Уйғониш даврида пайдо бўлган Романс 18-а. охирида кенг тарқалган ва аслзодаларнинг нафис мажлисларида ижро этилиб келган мадригал (ишқий мавзудаги қофиясиз шеър) руҳидаги қўшиқларни сиқиб чиқарган. Романс, асосан, кичик ҳажмдаги, банд тизимига асосланган, қисқа сатрлардан иборат лирик шеърларга куйланган. Европа халқлари шеъриятида Ш. Мильвуа, Э. Парни, рус шеъриятида эса В. А. Жуковский, А. С. Пушкин шеъриятига ёзилган Романслар, айниқса, машҳур бўлган. Романс ўзбек шоирлари ва композиторлари ижодига ўтган асрнинг 40—50-й. ларида рус Романс лари таъсирида кириб келди. С. Юдаков ва б. композиторлар А. С. Пушкиннинг ўзбек тилига таржима қилинган (Мас, «Куйлама, соҳибжамол, менинг олдимда») шеърларига Романслар ёза бошладилар. Шундай Романс лардан сўнг ўзбек мусиқасига рус ва Европа мусиқий жанр ҳамда шаклларини олиб кириш жараёни бошланган. 50-й. ларда Алишер Навоий, Ҳофиз, Фузулий, Мукимий ғазалларига ҳам ёзилган. М. Бурҳонов, С. Юдаков, М. Левиев, И. Акбаров, С. Бобоев ва б. композиторларнинг Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Зулфия, Туроб Тула шеърларига ёзган мусиқалари Романснинг энг яхши намуналаридан. Сўнгги йилларда Р. Абдуллаев, М. Бафоев, Ф. Алимов, Д. Омонуллаева, Ҳ. Раҳимов ва б. композиторлар томонидан Бобур, Нодира, Фитрат ва Чўлпон шеърларига ёзилган Романслар ўзбек романсиадаси тараққиётида янги давр бошланганидан шаҳодат беради.