РОДАРИ (Rodari) Жанни (1920.23.10, Оменья — 1980.15.4) — итальян ёзувчиси. Қаршилик кўрсатиш ҳаракати қатнашчиси. Илк «Қувноқ шеърлар китоби» (1951) тўплами болалар ҳаётига бағишланган. Енгил вазнли ҳажвий ўйноқи шеърлари, насрий асарлари фольклор анъаналари руҳида. «Чиполлинонинг бошидан кечирганлари» (1951) эртакқиссаси айниқса машҳур.
Асар қаҳрамонининг афсонавий мамлакатдаги ғаройиб саргузаштлари фантазия ва ҳажв унсурлари воситасида ёритилган. «Фантазия грамматикаси» (1973) китоби муаллифи. «Чиполлинонинг бошидан кечирганлари» (1955), «Салом болалар» (1956), «Жельсомино ёлғончилар мамлакатида» (1962), «Телефонда айтилган эртак» (1971) ва б. асарлари ўзбек тилида нашр этилган.