РИКАРДО (Ricardo) Давид (1772.19.4, Лондон — 1822.11.9, Глостершир графлиги) — инглиз иқтисодчиси, классик иқтисодий мактаб намояндаси. Дастлаб 1793—1812 й. ларда тижорат ишлари билан шуғулланиб катта бойлик орттирди, кейинчалик илмий фаолият билан шуғулланди. 1819—23 й. ларда Англия парламентининг аъзоси.
Рикардонинг илмий ишлари иш ҳақи, фойда ва рента масалаларига бағишланган. Унинг иқтисодиёт фанидаги тарихий ўрни, биринчи навбатда, капитализмнинг иқтисодий муносабатларини қийматнинг меҳнат назарияси нуқтаи назаридан тадқиқ этишни бошлаб берганлигидан иборат. Рикардо товар қийматининг ягона манбаи ишчининг меҳнати бўлиб, аҳолининг даромадлари — иш ҳақи, фойда, фоиз, ренталар шу товар қийматига асосланади, деб қаради. Рикардо «Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари» (1817) асарида ишчининг иш ҳақи билан соҳибкорнинг фойдаси ўртасидаги нисбатнинг тескари пропорционаллигини асослаб, ишчи ва капиталист иқтисодий манфаатларининг зид эканлигини кўрсатади. Рикардо шуғулланган асосий масалалардан бири — яратилган ижтимоий маҳсулотнинг асосий 3 синф — саноатчилар (фойда), ишчилар (иш ҳақи), ер эгалари (рента) ўртасидаги тақсимоти муаммоси бўлган. Рикардо рента назариясини асослаб берди. Рикардо назария ва амалиётда эркин савдо тарафдори бўлган. Р. Англиянинг ташқи алоқалари унинг иқтисодиётида катта роль ўйнашини алоҳида ўрганди. У биринчилардан бўлиб айрим товарларни и. ч. гина эмас, балки мамлакатлар ўртасида халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашувнинг аҳамияти катта эканлигини кўрсатди, ташқи савдода қиёсий афзалликлар назариясини асослаб берди.
Ас: Сочинение, т 1—5, М., 1961.
Ад.: Раззоқов А., Тошматов Ш ., Ўрмонов Н., Иқтисодий таълимотлар тарихи, Т., 2002.