РЕЗАВОР МЕВАЛИ ЎСИМЛИКЛАР

РЕЗАВОР МЕВАЛИ ЎСИМЛИКЛАР — сершира резавор мева берувчи кўп йиллик бута, чала утсимон ўсимликларнинг катта гуруҳи. Мевали ўсимликлар гуруҳига киради, ёввойи ва экма қуритилган ҳолда истеъмол қилинади, улардан қиём, шарбат, мураббо, вино ва б. тайёрланади. Резавор мевалар, Мас, крыжовник, маймунжон, кулупнай, смородина, малина ва чаканда (облепиха)лар таркибида инсон саломатлиги учун зарур бўлган органик кислоталар, қанд, минерал тузлар, витаминлар, хушбўй моддалар кўп; баъзилари (Мас, зирк, малина, черника, қора мевали рябина) дориворлик аҳамиятига эга. Мевалари истеъмол қилинадиган ёввойи ва экма турлари Ер юзининг ҳамма жойида, айниқса, иқлими мўътадил мамлакатларда кўп ўстирилади. Ўзбекистонда кулупнай, малина, смородина кўп экилади. Резавор мевали ўсимликлар вегетатив йўл билан (каламчасидан, пархиш қилиб, бачкисидан ва гажакчасидан) кўпайтирилади. Кўчати баҳорда ва кузда экилади. Тупроқ юмшатилган, бегона ўтлардан тоза ҳолда тутилади, ўғитланади, вақтивақти билан суғорилади. Резавор мевали ўсимликлар ҳосилга эрта (кулупнай 2йили; малина 3йили; смородина, крижовник 3—4йили) киради ва ҳар йили ҳосил беради.

Ад.: Бурмистров А. Д. Ягодные културы, 2 изд. Л., 1985; Абдуллаев Р., Ягудина С, Томорқада етиштириладиган резавор мевалар, Т., 1989.

Рихсивой Жўраев.