РЕОФИЛ ҲАЙВОНЛАР (юн. rheos оқим ва… фил) — оқар сувларда: дарё, сойлар, денгизнинг сув кўтарилиб қайтадиган саёз ва доимий оқим таъсирида бўлган қисмида яшашга мослашган организмлар. Айрим Реофил ҳайвонлар бутун ҳаётини, бошқалари фақат муайян ривожланиш даврини оқар сувларда ўтказади. Мас, айрим кунликлар, булоқчилар, ниначилар, ўткинчи балиқлар личинкаси оқар сув билан боғлиқ. Реофил ҳайвонларнинг кўпчилиги кам ҳаракат, фильтрлаб озиқланади (ғовактанлилар, бўшлиқичлилар, кўп тукли ҳалқалилар, мўйловоёқ қисқичбақасимонлар).