РЕНУАР

РЕНУАР (Renoir) Пьер Огюст (1841.25.2, Лимож — 1919.17.2, КаньсюрМер) — француз рассоми, график ва ҳайкалтарош; импрессионизм намояндаси. 50-й. ларда чинни, парда, елпиғичларга раcм (гул) ишлаш билан шуғулланган. 1862—64 й. лар нафис санъат мактабида ўқиган. Шу даврда К. Моне, А. Сислей, Ф. Базиль билан танишган. Дастлабки асарларини Г. Курбе, Э. Мане таъсирида яратган. 60—70-й. лар чегарасида пленэрда ижод қилишга ўтган Ренуар инсон шаклини ўзгарувчан нур ҳаво муҳитида тасвирлайди («Сенада чўмилиш», 1869; «Ложа», 1874), табиат б-н уйғун табиий муҳит, инсонлар муносабати, ҳаётий вазиятлар рассомни ўзига тортади, айниқса, байрамона ҳаёт тарзи (бал, рақс, сайр ва ҳ. к.)да жўшқин ва қувноқ ҳаётни акс эттиради («Мулен де ла Галет», 1876 ва б.); аёллар образи рассом ижодида гўзал мафтункорлиги билан алоҳида ўрин тутади («Тушликдан сўнг», «Соябонлар» — 1879; «Ялангоч аёл», 1876; «Ж. Самори портрети», 1877 ва б.). Р. ҳаёт оқимидан аниқ юлиб олинган, айни пайтда муҳрланган лаҳзали асарлар яратиб, импрессионизм асосчиларидан бирига айланди; монохром рангтасвирда ажойиб колорист сифатида намоён бўлди («Қора кийимдаги қизлар», 1883); енгил ва майин чизиғи билан ажралиб турувчи расмлар яратди.