РЕМБРАНДТ

РЕМБРАНДТ Харменс ван Рейн (Rembrandt Harmensz van Rijn) (1606.15.7, Лейден — 1669.4.10, Амстердам) — голланд рассоми; голланд ва жаҳон реалистик рангтасвирига кучли таъсир кўрсатган мўйқалам, раcм ва гравюра устаси. Рембрандт ижоди воқеликни ва инсон ички дунёсини унинг барча руҳий кечинмалари билан теран фалсафий идрок этиш билан йўғрилган. Рембрандтнинг новаторлик санъати образларнинг ҳаётийлиги билан ажралиб туради.

Р. Лейден ун-тида қисқа муддат таҳсил кўргач (1620), ўзини санъатга бағишлади. Лейденда Я. Ван Сваненбюрх (1620—23) ва Амстердамда П. Ластман (1623)дан рангтасвирни ўрганди. 1625 — 31 й. лар Лейденда ишлади, бу давр ижодий изланишлар даври бўлди. «Авлиё Павел» (тахм, 1629—30) ва «Симон ибодатхонада» (1631) асарларида Рембрандт илк бор образларнинг кўтаринки ва ҳиссий жўшқинлигини ифодалашда нурсояни қўллади; портрет устида изланди, кўплаб автопортрет ва портретлар туркумини яратди.

1632 й. дан Амстердамда яшаган. 30-й. ларда яратган асарлари («Доктор Тюлпнинг анатомия дарси», 1632; «Саския билан автопортрет», 1635 ва б.)да гуруҳ портрет яратиш масаласини янгича ҳал этди, ҳаёт завқи, кишилар кайфиятини катта маҳорат билан ифодалади. Буюртма портретларни ўта аниқ, ижтимоий хусусиятлари билан ишлаган рассом яқинларининг портретларини чизишда, асарнинг руҳий ва таъсирчанлигини оширишда эркин ижод қилди. 40-й. ларда Рембрандтнинг эркин интилишлари, реализми, демократиклиги голланд киборларининг талабларига зид келади, айниқса, ватанпарварлик кайфияти акс этган асарлари (жумладан, «Тунги соқчилар», 1642)дан кейин зиддият янада кучаяди. 40-й. ларда Рембрандт ижодидаги ташқи таъсирчанлик ва унга хос бўлган жўшқинлик йўқолди, сокин, иликлик б-н йўғрилган асарлар яратилди («Давид ва Ионафан», 1642; «Мукаддас оила», 1645 ва б.), уларда ички кечинмалар, меҳнат аҳлининг кўрки, маънавий бойлиги, табиат манзараси жозибадор акс эттирилди. Рембрандт графикасида ҳам рангтасвирида бўлганидек нозик нурсоя ўйини алоҳида эмоционал муҳит яратишда катта аҳамиятга эга бўлди («Беморларни даволаётган Исо» ёки «100 гулденлик қоғоз» графика варағи, тахм. 1642 — 46; ҳаво ва нур ҳаракатига тўлиқ манзарали «Уч дарахт» офорти, 1643).

50-й. лардаги ҳаётининг оғир синовлари даврида Рембрандтнинг ижодий баркамол даври намоён бўлди. Кўпроқ портрет жанрига мурожаат қилган рассом ижодида оддий одамлар кенг ўрин ола бошлади (2хотини Хендрикье Стоффельс портретлари; «Ўғлим Титус мутолаада», 1657; «Бургамистр Ян Сикс» 1654 ва б.), армон ва йўқотишларга тўлиқ кексалар ҳаёти унинг диққатини тортди («Рассом акасининг хотини», 1654; «Қизил кийимдаги мўйсафид», тахм. 1652—54 ва б.), қўл ва юз қиёфаларига эътиборини қаратади, образларнинг қоронғиликдан майин нур оғушида чиқиб келиши орқали рассом образларнинг теран руҳий ҳолатини беришга эришади.

60-й. ларда инжил мавзуидаги композицияларида ўта драматик ҳолатларга мурожаат қилади («Ассур, Аман ва Эсфирь», 1660; «Давид ва Урия», 1665 ва б.), «Адашган ўғилнинг қайтиши» (тахм. 1668—69) асарида инсонга хос англаш, қайғуриш ва кечиримлилик ҳисларини ифодалаган. Рембрандт бадиий мероси ўта рангбаранглиги билан ажралиб туради.