РЕМАРК

РЕМАРК (Remargue, Remark) Эрих Мария (1898.22.6, Оснабрюк — 1970.25.9, Локарно, Швейцария) — немис ёзувчиси. Ғарбда «Йўқотилган авлод» деб аталган адабиётнинг йирик вакили. 1-жаҳон уруши қатнашчиси. Асарларида уруш даҳшатлари, 2-жаҳон уруши йиллари ва ундан кейинги даврдаги ҳаётни, фашизмнинг мудҳиш қиёфаси, маънавий эзилган, ўзини жамиятдан бегоналашган деб ҳис қилувчи кишилар қисмати акс этган: «Ғарбий фронтда ҳеч қандай ўзгариш йўқ» (1929) асари учун гитлерчилар Ремаркни немис фуқаролигидан махрум этган. 1932 й. дан муҳожирликда. Урушда маънавий шикастланган авлоднинг аянчли ҳаёти «Қайтиш» (1931) романининг асосий мазмунини ташкил этади. «Уч дуст» (1938), «Зафар дарвозаси» (1946), «Ҳаёт алангаси» (1952), «Ҳаётмамот палласи» (1954), «Қора ҳайкал» (1956), «Осмон ҳеч қандай севиклини билмайди» (1961), «Лиссабондаги тун» (1963), «Жаннатдаги соялар» (1971) ва б. асарлар муаллифи. «Ғарбий фронтда ҳеч қандай ўзгариш йўқ» ва б. асарларидан парчалар ўзбек тилига таржима қилинган.