РЕКЛАМАЦИЯ

РЕКЛАМАЦИЯ (лот. reclamatio — қатъий норозилик) — товар сотиб олувчининг товар етказиб берувчига ёки хизматларни бажарувчи (ёки аксинча)га тегишли мажбуриятларни бажармаганлиги тўғрисида ёзма равишда билдириладиган эътирози. Рекламация турли сабабларга кўра: маҳсулот сифати, миқдори ва бутлиги давлат стандарти, техника шартлари намунасига, келишилган шартларга мос келмаганда, товарлар вақтида етказиб берилмаганда, тўлов қоидаси бузилганда, томонлардан бири шартнома талабларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ва б. ҳолларда берилади. Тузиладиган савдо битимларида Рекламация баёни ва уни кўриб чиқиш тартиби бирмабир айтиб ўтилади. Эътирозномада товар номи, миқдори, шартнома раками, транспорт, Рекламация сабаблари (товар камомади, сифатсизлиги, нобутлиги ва ҳ. к.), арзномачи талаблари (вақтида етказиб берилиши, нуқсонларнинг бартараф этилиши, нархини тушириш, ортиқча тўланган суммани қайтариш, жарима тўлаш, зарарни қоплаш) кўрсатилиши керак. Шартнома тузган томонлар Рекламацияни дўстона ҳал этишга ҳаракат киладилар, агар бунинг иложи бўлмаса, жабрланган томон ҳал қилишни сўраб жавобгар мамлакат ҳакамлиги (арбитражи)га, баъзи мамлакатлар битим шартларига кўра, бетараф мамлакатлар (Мас, Швеция — Стокгольм) ҳакамлигига арз қиладилар. Кўп ҳолларда даъвогар сотиб олувчи, жавобгар сотувчи бўлади.