РЕКАПИТУЛЯЦИЯ

РЕКАПИТУЛЯЦИЯ (лот. recapitulatio) (биологияда) — эмбриогенезда организмнинг вояга етган аждодлари белгиларининг такрорланиши. Юксак организмлар эмбрионининг бирмунча тубан тузилган гуруҳлар вояга етган даврига ўхшашлигини илк бор немис биологи И. Меккел (1811) аниқлаган. Mac, юксак умуртқалилар онтогенезида бош буйрак (пронефрос)ни аввал тана буйрак (мезонефрос), сўнгра чаноқ буйрак билан алмашиниши улар аждодларида айириш системасининг ривожланиши даврларини; папоротникларда дастлабки баргларнинг дихотомик шохланиши улар аждодлари — палеозой давридаги риниофитлар учун хос бўлган поянинг дихотомик шохланишини такрорлайди. Биогенетик қонунда (Э. Геккель, 1866) Рекапитуляцияга онтогенезнинг эволюцион таркиб топиши натижаси сифатида каралади, яъни тарихий ривожланиш давомида организмларнинг ўзгариб бориши туфайли аждодларга хос бўлган тузилиш белгилари уларнинг эмбрионига ўтган ва авлодларнинг индивидуал ривожланишда эмбрионал белгилар сифатида такрорланган. Рус олими А. Н. Северцов Р. ни бутун бир организм учун эмас, балки айрим органлар учун хос эканлигини кўрсатди.