РЕГРЕСС

РЕГРЕСС — тирик табиатда организмларнинг соддалашувидан иборат эволюцион жараён. Рус биологи А. Н. Северцов (1925) Регресснинг 2 шаклини кўрсатади:

1) биологик Регресс — яшаш учун курашда муҳитнинг ўзгарган ташқи шароитларига мослаша олмаган ёки бошқа гуруҳлар билан бўлган рақобатга бардош бера олмаган муайян организмлар гуруҳининг эволюцион таназзулга юз тутиши. Биологик Регрессга учраган организмлар сони камайиб, таксон ареали торайиб I боради; пировардида гуруҳ йўқолиб кетади;

2) морфофизиологик Регресс, яъни умумий дегенерация. Вояга етган организмларнинг тузилиши ва ҳаёт фаолияти соддалашувидан иборат. Бу жараён ўтроқ ёки паразит ҳаёт кечиришга ўтган организмларда кузатилади. Морфофизиологик Регрессда, одатда, ҳаракатланиш, сезги ва фаол озиқланишга ёрдам берадиган органлар ҳамда марказий нерв системаси редукцияга учрайди. Аксинча, организм ҳаёти учун иккинчи даражали ҳисобланган органлар, Мас, жинсий система прогрессив ривожланади. Асцидиялар ўтроқ ҳаёт кечиришга ўтиш билан қон айланиш ва нерв системаси, хорда редукцияга учрайди. Паразит ҳаёт кечиришга ўтган ўсимликларда барглар йўқолиб кетади, илдизлар редукцияга учраб, улар ўрнига сўрғичлар пайдо бўлади.