РЕБИНДЕР ЭФФЕКТИ

РЕБИНДЕР ЭФФЕКТИ — қаттиқ сатҳда сирт фаол моддалар (СФМ) нинг ўз-ўзидан адсорбцияланиб, сатхда эркин энергияни камайтириши ва айни вақтда ўзида қаттиқ жисм мустаҳкамлигини пасайтириши. Қаттиқ жисм мустаҳкамлигининг адсорбцион пасайиши рус физик кимёгари П. А. Ребиндер томонидан 1928 й. да кашф этилган. Бу эффект коррозия, қаттиқ модданинг эриши ва б. ҳодисаларга алоқадор бўлмай, фақат СФМ адсорбцияси билан боғлиқдир. Дастлаб гипс, графит, барий карбонат, кальций монокристаллари каби айрим анорганик кристалл моддаларнинг мустаҳкамлиги СФМ (олеин ва мой кислоталари, пропил ва б. спиртлар) эритмасида пасайиши кузатилган. Қаттиқжисм мустаҳкамлигининг адсорбцион пасайиши заминида фазалар чегарасидаги сирт тарангликнинг камайиши ётади. Бунда СФМнинг қаттиқ жисмнинг ички сатҳидаги микроғовакларда, тирқишларда адсорбцияланиши ва СФМ эритмасининг ёрилаётган тирқишнинг ичичига кириб (миграция), жараённи давом эттириши кузатилади. Ребиндер эффекти натижасида қаттиқ жисмнинг деформацияси ва бузилиши осонлашади. Ребиндер эффекти цемент саноатида, ун тайёрлашда, қаттиқ жисмларни майдалаш, кесиш билан боғлиқ барча жараёнларда, яъни дисперс системаларнинг структура механик хоссаларини бошқаришда қўлланади.