РЕАЛИЗМ — воқеликни, мавжуд борлиқни бадиий адабиёт ва санъат (тасвирий санъат, театр, мусиқа ва б.)нинг ифода воситалари орқали ўзига ўхшаш шаклларда ҳаққоний акс эттириш. Адабиёт да Реализм — ҳаётни воқеликдаги воқеа ва ҳодисаларга мувофиқ равишда образлар орқали акс эттириш методи. Реализм адабиётнинг ўзини ва ташқи оламни билиш воситаси сифатидаги аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда воқеликни барча зиддиятлари билан қамраб олишга интилади, ёзувчига ҳаётнинг барча томонларини чекланмаган ҳолда акс эттириш имкониятини беради. Реализм методига асосланган адабиётда ҳаёт ҳақиқатини тасвирлаш тамойили устувор аҳамиятга эга. Бинобарин, Реализм адабиёти жаҳон адабиёти тараққиётидаги энг юксак босқич ҳисобланади.
Реализм кенг маънода Гомер ва Данте, Шекспир ва Расин, Фирдавсий ва Навоий ижодига ҳам хос хусусият, зеро, ҳаётийлик ва самимийлик бу мумтоз ижодкорларнинг асарларида катта маҳорат билан ифода этилган. Аммо Реализм адабий метод ёки адабий йўналиш сифатида ёзувчидан воқеликни ҳаётий ва ҳаққоний акс эттириш тамойилига изчил риоя этишни, инсон ва ташқи оламни онгли равишда ўрганиш ва билишни тақозо этади. Шу маънода жаҳон адабиёти 19-а. га келибгина ўз тараққиётининг Реализм методига асосланган янги босқичига эришди.
Реализмнинг метод сифатида пайдо бўлиш вақти масаласида адабиётшуносликда турлича қарашлар мавжуд. Айрим тадқиқотчилар ҳаётни реалистик тасвирлаш усуллари қадим замонлардан бери давом этиб келаётгани ва бу усулларнинг турли босқичларни босиб ўтганини назарда тутиб, антик Р, Уйғониш даври Р. и, маърифатпарварлик Реализми ва социалистик Реализм тушунчаларининг мавжудлиги ҳақидаги қарашларни олға суриб келадилар. Бошқа тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Реализм ижодий метод сифатида 18-а. да оилавиймаиший ва ижтимоиймаиший романлар яратилиши билан бир вақтда майдонга келган. Реализмнинг 19-а. 30-й. ларида Европа адабиётида шакллана бошлаганлиги ҳақидаги фикр аксар адабиётшунослар томонидан қабул қилинган бўлиб, бу фикр Европа халқлари адабиётларида воқеликни ҳаққоний тасвирлаш тамойили юксак ижтимоийтаҳлилий шаклларда кенг ва теран ифодаланганлиги билан тасдиқланади.
Романтизм билан 19-а. нинг 1-ярмидаги Реализм ўртасида аниқ чегара йўқ. Бу ҳол О. Бальзак («Сағри тери тилсими»), Г. Стендаль («Парм ибодатхонаси»), В. Гюго, қисман Ч. Диккенс асарларида ёрқин кўринади. Айни пайтда романтик мотивлар реалистик асарларнинг бадиий тўқимасида яшашда узоқ вақт давом этди (Стендалнинг «Қизил ва қора», М. Ю. Лермонтовнипт «Замонамиз қаҳрамони» ва б.). 19-а. ўрталарида Европа адабиётларининг романтизм анъаналаридан кескин узоқлашиши билан Реализмнинг метод сифатида шаклланишида янги давр бошланди (Г. Флобер, Г. Мопассан, У. Теккерей ва б).
Россия 19-а. нинг 20—30-й. ларида А. С. Пушкин («Евгений Онегин», «Борис Годунов», «Капитан қизи», сўнгги давр лирикаси), шунингдек, А. С. Грибоедов («Акллилик балоси»), И. А. Крилов (масаллар) асарлари билан Реализмга пойдевор қўйилди. Кейинчалик И. А. Гончаров, И. С. Тургенев, Н. А. Некрасов, А. Н. Островский ва б. рус адабиётида Реализмнинг узилкесил қарор топишига муҳим ҳисса қўшдилар. 19-а. рус адабиётида воқелиқдаги салбий ҳолатлар бутун кескинлиги билан фош этилганлиги сабабли А. М. Горький бу давр Реализм ини танқидий Реализм деб атаган. Н. В. Гоголь асарларида, айниқса, яққол кўринган танқидий Реализм анъаналари А. П. Чехов ва қисман А. М. Горький ижодида давом эттирилди ва ривожлантирилди. Л. Н. Толстой ва Ф. М. Достоевский ижоди рус Реализм ининг чўққиси ҳисобланади.
20-а. нинг 30-й. ларида социалистах Реализм методининг сунъий равишда ўйлаб топилиши ва ёзувчилардан шу метод асосида ёзишнинг талаб қилиниши натижасида Реализм анъаналаридан узоқлашиш жараёни бошланди ва бу жараён шахсга сиғиниш фожиалари фош этилган 60-й. ларга қадар давом этди.
Ўзбек адабиётида ҳаётни реалистик тасвир этиш майллари гарчанд Навоий, Бобур ва б. ёзувчилар ижодида кўринган бўлсада, бу майллар Турди, Махмур, Гулханий, кейинчалик Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз сингари шоирлар ижодининг асосий йўналишини ташкил эта бошлади. Айниқса, миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти намояндалари М. Беҳбудий («Падаркуш»), Фитрат («Мунозара», «Ҳинд сайёҳи баёноти», 1917— 19й. лар шеърияти), Чулпон (1914—21 й. лар шеърияти, «Қурбони жаҳолат» «Вайроналар орасидан», «Кеча ва кундуз»), Қодирий («Улокда», «Жувонбоз», «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейди?», «Ўтган кунлар»), Ҳамза (миллий шеърлар, «Заҳарли ҳаёт» «Паранжи сирлари») ва б. ижодида Реализм адабий метод сифатида аниқтайин қирраларини касб этди. Бу ёзувчиларнинг бир қисми, миллий менталитетни ҳисобга олган ҳолда, реалистик асар тўқимасига сентиментализм ва романтизм унсурларини ҳам олиб кирдилар. Шунга қарамай, ўзбек адабиётида Реализмнинг адабий метод сифатида шаклланиши худди шу давр адабиёти билан боғлиқ.
Ўзбек адабиётида Реализмнинг шаклланишида Айний («Бухоро жаллодлари», «Дохунда», «Куллар»), Ойбек («Қутлуғ қон», «Навоий», «Қуёш қораймас», ҳарбий лирика), Ғафур Ғулом («Шум бола», «Ёдгор», уруш даври лирикаси), шунингдек, Ҳамид Олимжон («Зайнаб», «Зайнаб ва Омон», лирика), Шайхзода («Мирзо Улуғбек», лирика), Миртемир, Зулфия ва б. ёзувчиларнинг хизматлари катта. Социалистик Реализм «очиқ система» деб эътироф этилган 60—70-й. ларда Шухрат («Шинелли йиллар»), О. Ёқубов, («Улуғбек хазинаси»), П. Қодиров («Юлдузли тунлар»), Э. Воҳидов, А. Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, кейинчалик ҳ. Худойбердиева, Тоғай Мурод ва б. ёзувчилар ижоди туфайли ўзбек адабиётидаги Реализм ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. Ўзбек адабиётида Реализмнинг қарор топишида, бир томондан, миллий адабий заминдан озиқланиш, иккинчи томондан эса, рус ва жаҳон реалистик адабиётининг энг яхши анъаналари ва тажрибаларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тасвирий санъатда Реализм ижодкор ҳаётдан саралаб олган муҳим воқеа ва ҳодисаларни ўзининг эстетик қарашлари асосида акс эттиради. Санъат турлари ва жанрларида Реализм анъаналари турлича кўринишларда намоён бўлади. Реалистик санъат моҳияти жиҳатидан борлиқнинг оддий содда ўхшаши бўлса ҳам, қуруқ кўчиришга мойил бўлган натуралистик санъат (натурализм)дан кескин фарқ қилади. Реализм ўз ечими ва шаклланиши жиҳатидан романтизм билан ёнмаён тургани ҳолда ҳаққонийлиги ва ҳаёт ҳақиқати тамойиллари билан ундан ажралиб туради. Реализм тараққиёти давомида ўзгариб боради, аниқ, тарихий ўзига хос хусусиятларга, турли услубий шаклларга эга бўлади (Мас, антик P., Уйғониш даври Реализми, маърифатпарварлик Реализми ва ҳ. к.), улар ўзаро ворислилик билан боғланади; антик давр ижодкорлари реал ҳаётни мифологик қаҳрамон ва маъбудлар тимсолида акс эттирган (ҳайкалтарош Мирон, Лисипп, Поликлет, Праксител ва б.); Уйғониш даври ижодкорлари антик давр яратган шакллардан фойдаланиб, даврнинг инсонпарварлик ғояларини тасвирлашга эришдилар, Реализм методи юксак поғонага кўтарилди (Жотто, Донателло, Леонардо да Винчи, Рафаэль, Микеланжело, Тициан ва б.) 18-а. маърифатпарварлар санъатида рассомлар яшаётган муҳит ўзининг тарихийҳаққоний шаклларида аксини топди (инглиз У. Хогарт, француз Ж. Грёз ва б.), Ф. Гойя ижоди Реализм услубининг қарор топишида алоҳида ўрин тутади.
Реализм, воқеликни айнан ўзига ўхшатиб акс эттириш билан чегараланмай, балки инсоннинг ҳали рўёбга чиқмаган, ишга туширилмаган имкониятларини ҳам уз тасаввури билан тўлдириб тасвирлаши ҳамда асарга хаёлий образ ва унсурлар киритиши мумкин. Бадиий ижодда Реализм ижтимоий ҳаётдаги иллат ва зиддиятларни акс эттириш орқали уни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этиш ва тасвирланган воқеликка ҳукм чиқаришдан иборат бўлган; 19а. Р. и танқидий йўналашда бўлганлиги учун танқидий Реализм деб юритилади. Ҳикоянависликнинг ортиши борлиқни янада чуқурроқ ёритиш имконини берди, реалистик санъат имкониятларини кенгайтирди. Рассомлар асарда ишлатилган ҳар бир буюм ва унсурни ифодали ва асар ғоясини очишида хизмат қилишига ҳаракат қилдилар. 19—20-а. лар Реализми учун умумий хусусият бу унинг тарихийлиги, инсон характерини ифодалашда аниқ тарихий шартшароитни ҳаётга яқин қилиб олинишидир (О. Домье, Г. Курбе, И. Репин, Реализм Гуттузо ва б.).
20-а. бошида Реализмнинг янги босқичи («20-а. Р.») шаклланди: немис К. Кольвиц, швейцариялик Т. Стейнлен, бельгиялик Ф. Мазерель, француз рассоми М. Утрилло, А. Марке ва ҳайкалтароши А. Майоль, А. Бурдель, мексикалик Д. Ривера, Д. Сикейрос, италиялик Р. Гуттузо, Ж. Манцу, америкалик Р. Кент, А. Рефрежье ва б. 20-а. Р. и авангард услублари билан рақобатда ифода ва тасвир воситаларини бойитди.
Ўзбекистон санъатида Реализм дунёвий йўналиш тамойиллари, демократик ҳамда маърифатпарварлик ҳаракатлари заминида камол топди. Дастлаб содда ибтидоий санъат намуналарида, кейинчалик юксак даражада ривожланган миниатюра санъатида Реализм унсурлари кўзга ташланади. Замонавий тасвирий санъатда 19-а. охири —20-а. бошларида Реализм шакллана бошлади. 20-а. нинг 20—30-й. ларида миллий реалистик жараёнлар Б. Ҳамдамий, Л. Насриддинов, Л. Абдуллаев ва б. рассомлар асарларида ривожланди. Ўзбекистонлик реалист рассомлар илғор қараш ва йўналишларда шкод қилиб Реализмни янги имкониятлар билан бойитмокда.
Театрда Реализм воқеликни ҳаққоний, объектив акс эттиришдан иборат вазифани англатадиган тушунча; санъат асарларида ўзига хос воситалар ёрдамида инъикос этилган ҳаёт ҳақиқати. Ўзбек халқ театрида Реализм элементлари кадимдан мавжуд эди. Профессионал театрлар саҳнасида Реализм драматургияси асарлари саҳналаштирилди. Ўзбек актёрлари Европа реалист актерларининг ижодидан самарали фойдаландилар. Реализмнинг етакчи принциплари: ҳаётнинг муҳим томонларини муаллифнинг юксак идеаллари даражасида объектив акс эттириш; типик шароитдаги типик характерларни уларнинг индивидуал хусусиятлари билан ифодалаш, асарда бадиий фантазиянинг шартли шакллари (афсона, миф, рамз, муболаға ва ҳ. к.)дан фойдаланиш (хусусан, 20-а. Р. ида) билан бирга тасвирнинг ҳаётий ҳаққонийлигига риоя қилиш; шахс ва жамият (уларнинг алоқалари ва зиддиятлари) муаммоларига қизиқишнинг кучлилиги.
Ад.: Проблемы становления реализма в литературах Востока. Материалы дискуссии, М., 1964; Ҳайитметов А., Шарқ адабиётининг ижодий методи тарихидан, Т., 1970; Сучков Б., Исторические судьбы реализма, М., 1973; Николаев П. А., Реализм как творческий метод, М., 1975; Каримов Э., Развитие реализма в узбекской литературе Т., 1975; Андреев Ю. А. Движение реализма, М., 1978.
Наим Каримов, Неъмат Абдуллаев.