РЕАКТИВ ДВИГАТЕЛЬ

РЕАКТИВ ДВИГАТЕЛЬ — иш жисми (одатда, ёнилғи ёнишидан ҳосил бўладиган газеимон моддалар) оқими ҳисобига реактив куч (тортиш кучи) ҳосил қиладиган двигатель. Р. д. да турли хил энергия (иссиқлик, ядро, қуёш ва электр энергияси, кимёвий энергия)нинг механик энергияга айланиши ҳисобига иш жисми оқимининг кинетик энергияси вужудга келади, бундан ташқари, иш жисми двигателдан отилиб чиққанда акс куч пайдо бўлиб, двигателни итаради (раcмга қ.). Шунинг учун Реактив двигательни мураккаб яхлит тизим дейиш мумкин. Бу тизим бирламчи (дастлабки) энергия манбаи (Мас, қуёш энергияси), иш жисми ва энергияни бир турдан иккинчи турга айлантирувчи қурилма (яъни Реактив двигательнинг ўзи) дан иборат бўлади.

Реактив ҳаракат тушунчаси қадимдан маълум. Герон яратган шарни Реактив двигательнинг аждоди дейиш мумкин. 10-а. дан Хитойда порохли ракеталар пайдо бўлди ва Шаркда, кейинчалик Европада мушакбозлик, сигнал ва жанговар ракеталар сифатида бир неча аср мобайнида қўлланилиб келди. Ва, ниҳоят, 20-а. бошига келиб (1903) К. Э. Циолковский суюқ ёнилғили Реактив двигательнинг асосини таклиф этди. Реактив двигатель Годдард 1926 й. суюқ ёнилғили ракеталарни учирди. В. П. Глушко жаҳонда биринчилар каторида суюкликли реактив двигателни яратди. Унинг раҳбарлигида электротермик Реактив двигатель яратилди ва синалди. 2-жаҳон уруши (1939—45) йилларида ҳавореактив двигателлари самолётларга ўрнатилди. Урушдан кейинги йилларда электр ракета двигателлари ва ядро ракета двигателлари яратилди. Реактив двигатель борган сари такомиллаштирилиб борилмокда.

Реактив двигатель ишлаётган пайтда атрофдаги муҳит (ҳаво)дан фойдаланиши ёки фойдаланмаслигига караб, 2 асосий гуруҳга бўлинади. Атрофдаги ҳаводан фойдаланадиган Реактив двигатель ҳавореактив двигатели, фойдаланилмайдигани ракета двигатели (РД) деб аталади. Барча ҳавореактив двигателларида энергия манбаи — ёнилгигина двигатель бортида бўлади, иш жисмининг анчагина қисми (ҳаво) эса атроф муҳитдан олинади. РД да эса иш жисмининг барча компонентлари унинг бортида бўлади. Реактив двигатель техника (авиация, космонавтика ва б.) да қўлланади.