РЕАБИЛИТАЦИЯ ( лот. rehabilitatio — тиклаш) (тиббиётда) — организмнинг бузилган функциясини ва беморлар ҳамда ногиронларнинг меҳнат қобилиятини тиклашга қаратилган тиббий, педагогик ва ижтимоий чора-тадбирлар мажмуи. Оғир касалликлар (миокард инфарқти, инсульт, орқа мия шикастланишлари, умуртқа поғонаси ва бўғимларнинг шакли ўзгариши билан кечадиган касалликлари); марказий нерв системасининг жиддий зарарланишлари, руҳий касалликлар ва б. га учраган беморлар Реабилитацияга кўпроқ муҳтож бўладилар.
Тиббий Реабилитация касаллик туфайли функциясини йўқотган аъзо фаолиятини қисман ёки тўлиқ тиклаш ёки касалланган соҳадаги авж олаётган жараённинг иложи борича олдини олишга қаратилади. Реабилитация бўлими бор касалхоналар, и. т. институтлари, маҳаллий курорт ва санаторийларда Реабилитацияни амалга ошириш ҳар бир беморнинг умумий аҳволидан келиб чиққан ҳолда касалликнинг шакли ва кечишига қараб белгиланади.