РАЗЗОҚОВА Муяссар Қодировна

РАЗЗОҚОВА Муяссар Қодировна (1964.29.2, Нукус) — хонанда (лирикколоратурали сопрано), Ўзбекистон (1998), Қорақалпоғистон (1999) халқ артисти. Ёқимли, жилвадор ва кучли овоз соҳибаси. Тошкент консерваториясини тугатган (1988). Навоий театри яккахон хонандаси (1988 й. дан). Театр сахнасида Ойхон («Майсаранинг иши», С. Юдаков), Дилором («Дилором», М. Ашрафий), Розина («Севилья сартароши», Ж. Россини), Виолетта, Жильда («Травиата», «Риголетто», Ж. Верди), Лючия («Лючия ди Ламермур», Г. Доницетти) каби бош партияларни ижро этган. Концерт репертуаридан ўзбек ва чет эл композиторлари асарлари ўрин олган. Ижро услуби виртуоз техника, мусиқали образларнинг эмоционаллиги, самимийлиги ва сахнавий жозибадорлиги, драматикифодавий воситаларнинг оддийлиги ва аниқ дикцияси билан ажралиб туради. Германия, АҚШ, Франция, Туркия, Россия, Миср каби мамлакатларда гастролда бўлган. Халқаро хонандалар танлови (Рига, 1989; Венгрия, 1990; Рим, 1997) ва опера фестивали (Туркия, 2003)да қатнашиб мукофотларга сазовор бўлган. 2-чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.