РАЙҲОНИЙ

РАЙҲОНИЙ — хаттотлик услуби; араб ёзувидаги хат услубларидан бири. Муҳаққақ хати асосида яратилган, ихтирочиси Ибн Баввоб ва Ибн Муклаъ. Хат гўзаллиги ва нозиклиги туфайли райҳон номи билан Райҳоний деб аталади. Сулс хатига қараганда Райҳонийда айланма шаклли харфлар ётиқроқ, «вов», «мим» ҳарфлари чўзиқроқ ёзилади ва ҳарфлар охиридаги қайрилмалар бўлмайди. Бу хат китоб саҳифалари безагида, 14—15-а. ларда китоб хотималарини ёзишда ишлатилган. Жамолиддин Ёқут, Жаъфар Бойсунқурий, Бойсунқур Мирзо ушбу хат устасидир.