РАЙҲОН

РАЙҲОН (Ocimum) — лабгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўтлар, чала ва паст бўйли буталар туркуми; манзарали, доривор ва зиравор экин. 60 (айрим маълумотларга кўра, 150) тури тропик ва субтропик минтақаларда усади. Эвгенол Райҳон (O.gratissimum) тури Жан. Африка, Ҳиндистон, Шри Ланка, Грузия, РФ нинг Краснодар ўлкаси жанубида (оз миқдорда) бир йиллик экин сифатида экилади. Иссиқсевар, намсевар, ёруғсевар, қурғоқчиликка’ чидамли ўсимлик. Барги йирик, тухумсимон, гуллари оқ ёки пушти, поя ва новдалари ичида бошоқсимон тўпгулга йиғилган. Яшил массаси таркибида 0,3% эфир мойи бор (эфир мойининг 70%ни атирупа, озиқ-овқат саноати ва тиббиётида ишлатиладиган эвгенол модцаси ташкил этади). Уруғи эрта баҳорда иссиқхона ва парникларга сепилади, далага кўчат қилиб экилади. Ҳосилдорлиги 40—80 ц/ га кўк масса. Жан. Осиёдан келиб чиққан O.basilicum (оддий Райҳон) тури Ўзбекистонда манзарали, ошкўк ва зиравор экин сифатида ўстирилади. Бўйи 25 — 40 см, гултожиси 2 лабли, май—окт. ойларида гуллаб уруғлайди, кўчат қилиб экилади. Баргининг ранги ва ўсимлик шаклига қараб оқ Райҳон, ош Райҳон, сада Райҳон, қора P., ҳожи Р. каби хилларга бўлинади. Уларнинг 300 дан ортиқ нави бор.