РАВОҚ

РАВОҚ — тоқнинг бир тури; бино деворларидаги дераза ва эшик ўринларининг юқори қисмига қўйиладиган меҳробий ёйсимон қурилма. Равоқ йўнилган, табиий ёки сунъий тошлар, бетон, темирбетон, ёғоч ва пўлат сингари материаллардан ишланади. Равоқнинг таянч қисми товон, марказий понасимон ғишти ёки тоши эса қулф деб аталади. Равоқлар шаклига кўра: якка марказли, ярим айлана шаклли, баланд марказли тақасимон, бир неча марказли найзасимон, тухумсимон бўлади. Ҳоз. замон иншоотларида ички кучланишларни камайтириш мақсадида Равоқлар 2—3 шарнирли қилиб ишланади. Устунларга тиралган бир хил ҳажм ва шаклдаги Равоқлар қатори қаторак (аркада) деб номланган.

Равоқлар дастлаб Қад. Шарқ меъморлигида вужудга келган. Қад. Рим меъморлигида кенг тарқалган. Ўрта Осиё меъморлигида Равоқнинг турли хил мумтоз намуналари яратилган. Гумбазли биноларнинг хоналари кўркам, кенг чиқиши ичкаридаги Равоқ ларга боғлиқ бўлган. Равоқлар бино йўлаклари, дераза ва эшик тепалари ҳамда деворнинг гумбаз ости қисмида бўлган. Ички сатҳи турли шаклдаги хона деворларини Равоқлар ёрдами билан доира шаклига келтирилган. Гумбаз томни баланд кўтариб ёпишда деворлар ўрнига енгил Равоқлар ўрнатилган. Гумбаз устунлар ёки устига ўрнатилган устунлар ҳам бир-бирига Равоқлар ёрдамида боғланган. Агар Равоқнинг каноти кенг бўлса, унинг асоси йўғон, тепаси ингичка қилиб зинали Равоқ қурилган. Гумбаз ости Равоқи эшик ёки йўлак тепасига ўрнатиладиган Равоқ б-н бир жойга тўғри келса, уни қўш Р. дейилади. Катта гумбаз томлар устига ўрнатиладиган Равоқ ларнинг куркам чиқиши учун кўп қатламли қилиб қурилган. Бўйи ва эни бир хил бўлган чорси хоналарнинг деворлари устига 8—12 Равоқ ва катта гумбаз томларда 16 Равоқ гача ўрнатилган.

Квадрат хона томонларига биттадан Равоқ ўрнатилса, чортоқ деб номланган. Деворлар устига 8 Р. ўрнатиб, улар тепасидан ўтган ҳалқа деворга яна 16 кичик Равоқлар жойлаштириш мумкин.

11 —17-а. лар меъморлигидаги Равоқ ларнинг мураккаб тузилишлари ғиштларнинг ўзига хос терилиши билан боғлиқ бўлган. Ўзбекистон меъморлигидаги найзасимон Равоқ ларнинг 100 дан ортиқ тури борлиги аниқланган. Халқусталари амалда 1, 2, 3 ва 4 марказли Равоқлар қурилиш услубидан фойдаланган. Замонавий қурилишларда Р. ларнинг ўзига хос тузилишлари яратилмокда (кўприк, жамоат бинолари ва б.).

Ад.: Булатов М. С, Геометрическая гармонизация в архитектуре Средней Азии IXXI1 вв., М., 1978.

Пўлат Зоҳидов.