РАВИШДОШ

РАВИШДОШ — феълнинг равишга хос вазифада қўлланиш учун махсуслашган шакли. Равишдош ҳаракатнинг белгисини билдириб, унинг бирор хусусиятини кўрсатади. Равишдошлар ҳаракатни ифодаловчи ҳар қандай феъл билан қўллана олади. Улар, асосан, ҳаракатнинг белгисини, жумладан, пайтини, мақсадини, сабабини билдириб, гапда ҳол бўлиб ёки эргаш гапнинг кесими вазифасида келади. Ҳоз. ўзбек тилида Равишдошнинг бир неча шакллари бор, улар қуйидаги қўшимчалар ёрдамида ясалади: — (и)б — ўқиб, кўриб; — а, — й—кула-кула, йиғлай-йиғлай; — гач (—кач, — қач), — келгач, тиккач, чиққач; — гани (—кани, — қани) — кўрингани, тўккани, соққани; — гунча (—кунча, — қунча) — боргунча, чўккунча, таққунча каби. Равишдошнинг бўлишсиз шакли — май, — масдан қўшимчалари билан ясалади: ўқиб — ўқимай, ўқимасдан каби.