РАВАЛПИНДИ

РАВАЛПИНДИ — Покистоннинг шим. шарқий қисмидаги шаҳар. Панжоб вилоятида, тоғ этагида. Мамлакатнинг муҳим иқтисодий ва маданий маркази. Панжобдан Афғонистон ва Кашмирга бориладиган йўл устида. Аҳолиси 1,4 млн. киши (1998), аксарияти пушту, кашмири, гужарот ва панжоблар. Равалпинди — транспорт йўлларининг тугуни, муҳим савдо-саноат маркази. Озиқ-овқат, тўқимачилик (ип газлама, шойи, мовут, трикотаж), пойабзал, кимё-фармацевтика, нефтни қайта ишлаш, металлсозлик ва машинасозлик, цемент корхоналари, т. й. устахоналари бор. Ҳунармандчилик ривожланган. Шаҳар яқинидаги нефть ва газ конларидан Равалпиндига қувурлар ўтказилган.

Мил. ав. P. ўрнида Гажипур ш. бўлган. Ўрта асрларда шаҳар Фотихпур-Баори деб аталган. 14-а. бошида мўғуллар томонидан бузиб ташланган. Кейинчалик шаҳарни гаккарлар қабиласининг бошлиғи Равалхон қайта тиклаб, ўз номи б-н атаган. 1849 й. да Равалпиндини инглизлар босиб олган. 1947 й. гача Р. Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги энг йирик ҳарбий базаси бўлган. 1947 й. дан 1960-й. лар бошигача Равалпинди — Покистоннинг муваққат пойтахти. Политехника ун-ти, коллежлар, ҳарбий музей, археология музейи, картиналар галереяси, аэропорт бор.