РАМО (Rameau) Жан Филипп (1683.25.9, Дижон 1764.12.9, Париж) — француз композитори ва мусиқашунос. Замонавий гармония назариясининг асосчиси («Гармония ҳақида трактат», 1722; «Гармониянинг келиб чиқиши», 1750 ва б.). Композиторлик ижодида француз (Ж. Б. Люлли) ва итальян (А. Вивальди, Д. Скарлатти) мусиқа ютуқларини мужассам этиб, классик мусиқа услубини шаклланишига муҳим ҳисса қўшган. Клавесин учун пьесаларда қад. (аллеманда, куранта каби) ва замонавий (менуэт ва б.) бал рақсларини ҳамда миллий (ригодон, тамбурин) рақс куйларини нозик дид ва юксак маҳорат билан қайта ишлаган. Рамонинг опера (лирик трагедиялар), операбалет ва балетлари француз мусиқали театрида бутун бир даврни ташкил этиб, К. В. /л/ окнинг опера жанри ислоҳотига замин яратган. Буларнинг айримлари («Назокатли Ҳиндистон», 1735; «Зороастр», 1749 ва б.)да Шарқ мавзуларига мурожаат этган. Бир неча кантата, мотет, чолғу ансамбль ва б. асарларни ёзган.