РАМАКРИШНА

РАМАКРИШНА (ҳақиқий номи Гададҳар Чаттержи) [1836.18.2, бошқа манбаларга кўра 1834.20.2, Камарпукур (Ғарбий Бенгалия) — 1886.16.8, Калькутта] — қинд диний мутафаккири, жамоат арбоби. Вивекананданинг маънавий устози. Шанкаранинг адвайтаведантасини Раманужа таълимоти билан бирлаштиришга интилди. Ҳиндистон ва бутун инсониятнинг уйғониши учун ягона дин керак, деб ҳисоблаб, барча динларнинг маънавий яқинлигини тарғиб қилган. Рамакришнанинг фикрича, ҳар бир инсон ўзининг худога нисбатан муҳаббатини таркидунёчилик йўли билан эмас, балки шу реал дунёда ўз бурчини адо этиш йўли билан изҳор этиши керак. Ҳинд миллий ҳаракати мафкурасига катта таъсир кўрсатган. 1897 й. Р. шогирдлари унинг ғояларини тарғиб қилиш учун «Рамакришна миссияси» жамиятини ташкил қилганлар, бу жамият ҳозиргача иш олиб боради.