РАКЕТА-ЯДРО ҚУРОЛЛАРИ

РАКЕТА-ЯДРО ҚУРОЛЛАРИ — ядро ва термоядро зарядли ракеталар; душманга зарба беришнинг қудратли воситаси. Ракета-ядро қуроллари жанг олиб бориш ҳамда стратегик вазифаларни ҳал қилишда қўлланилади. Ракета-ядро қуроллари турли синфдаги ракеталарнинг яратилиши ҳамда турлича қувватдаги ядро, термоядро зарядларининг ишлаб чиқилиши билан юзага келди. Ракета-ядро қуролларида қирғин воситаси ядро заряди, нишонга етказиш воситаси — ракета. Ракеталар ер шарининг ҳар қандай нуқтасига қисқа муддатда (40 мин. га яқин вақт ичида) ядро зарядини элта олади. Ракета-ядро қуролларининг асосий вазифаси душманнинг ядро қуроллари ва б. оммавий қирғин воситаларини йўқ қилишдир. Ракета-ядро қуролларини оммавий суратда қўллаш жанг майдонида қисқа муддат ичида душманга ҳал қилувчи зарба бериш ва кучлар нисбатини ўз фойдасига тубдан ўзгартириш имконини беради.