РАГА

РАГА, раг (санскритча — ранг, истак) — ҳинд ва покистон халқлари мумтоз мусиқа жанри. Рагалар ўзбек мақомлари сингари муайян товуш-қатор (тхат), оҳанг тузилмалари (пакар) ва усул (тал) жиҳатидан бир-биридан фарқланади. Рагалар Бҳейрав, Малкунс, Мегҳ, Дипак каби номлар б-н, уларнинг шохобчалари эса рагнийлар деб аталади. Р. Ўрта асрдан маълум бўлиб, тарихий жараён давомида янги куй ва асарлар билан бойитилди. Ҳинд мусиқа олимлари Рагаларни муайян руҳий ва ахлоқий таъсири жиҳатидан ажратадилар. Куннинг муайян вақтлари (эрталабки, тушки Рага ва ҳ. к.), йил фаслларида ижро этиладиган Рагалар бор. Р. ансамбли таркибига, одатда, яккахон хонанда ёки якканавоз созанда, усул берувчи урма чолғу ижрочиси ва б. созандалар киради. Ҳар бир Рага асосий мавзуни баён этувчи вазмин суръатдаги қисмдан бошланиб, аста-секин тезлашиб боради, турли нолаларга бой, эркин ривожланадиган ҳамда авж олиб келадиган қисмлар орқали намоён бўлади.