РАДИОМЕТР

РАДИОМЕТР (радио… ва… метр) — 1) электромагнит нурланиш энергиясини ўлчаш учун мўлжалланган асбоб. Иши нурланишнинг иссиклик таъсирига асосланади. Қуёш радиацияси, инфрақизил нурланиш ва б. нурланишларни тадқиқ қилишда қўлланилади (яна қ. Актинометр, Пиргелиометр);

2) рад иоастрономияда — радиотўлқинлар диапазонида (тўлқин узунлиги 0,1 мм дан 1000 м гача) астрономик объектларнинг нурланишини тадқиқ қилиш учун мўлжалланган радиотехник қурилма. Радиотелескопларнинг қабул қилувчи қурилмаси сифатида, шунингдек, Ер сиртининг иссиклик хариталарини тузишда қўлланилади; 3) радиоактив манбаларнинг фаоллиги (вақт бирлиги мобайнида радиоактив емирилиш актлари сони) ни ўлчаш учун мўлжалланган асбоб;

4) акустикада — товуш нурланишлари босими (товушнинг радиацион босими) ни, кенгроқ маънода — товуш майдонининг баъзи муҳим кўрсаткичлари (товуш энергияси зичлиги, товуш интенсивлиги ва б.)ни ўлчаш учун мўлжалланган асбоб.