РАДИОЛОГИЯ

РАДИОЛОГИЯ (радио… ва…логия) — касалликларни аниқлаш ва даволаш учун ионловчи нурлар қўлланадиган соҳа, тиббий фан. Нурларнинг организмга таъсири, организмни нурланишдан ҳимоя қилиш масалаларини ўрганади. Рентген нурлари кашф этилиши (1895) муносабати билан Радиология юзага келди. Радиологиянинг мустақил фан сифатида ривожланишида физика, кимё, техника ва биол. фанлари ютуқларининг роли катта бўлди. Тиббий Радиология нур билан даволаш, рентгенодиагностика, радиоизотоп диагностика ва б. дан таркиб топган. Даволаш ва диагностика вақтида учрайдиган нурланиш асоратларини аниқлаш ва уларни йўқотиш масалалари билан хам шуғулланади. Тиббий Радиологиянинг назарий асоси радиобиологиядчр. Ўзбекистонда Онкология Рентгенология ва радиология марказлари, 1 ва 2 ТошТИ, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-ти ва б. тиббиёт интларидаги Радиология кафедраларида Радиологиянинг энг долзарб муаммолари бўйича илмий изланишлар олиб борилади.