РАДИОИЗОТОП ДИАГНОСТИКА

РАДИОИЗОТОП ДИАГНОСТИКА — радиоактив изотоплар ва нишонланган бирикмалар ёрдамида касалликни аниқлаш. Радиоизотоп диагностиканинг асосий усули радиоактив индикация, яъни организмга юборилган радиоактив моддаларни кузатиб боришдир.

Кўпгина кимёвий элементларнинг радиоактив изотоплари ўзидан ионловчи нурлар чикариб туради; изотоп организмга юборилганидан кейин унинг таратадиган нурларини махсус аппаратлар ёрдамида жуда аниқлик билан қайд қилиш мумкин. Замонавий радиологик аппаратлар радиоактив бирикмалар жуда кам миқдорда, яъни текширилаётган кишининг организми учун амалда ҳеч бир зиёнсиз индикатор миқдорда олинганда ҳам уларни аниқлаш ва ўрганишга имкон беради. Врач радиоактив моддаларнинг бемор организмида қандай тақсимланиши, бир жойдан иккинчи жойга ўтиши ва организмдан чиқиб кетишига қараб, тегишли элементларнинг организмдаги биокимёвий ва физиологик жараёнларда қай тариқа иштирок этиши тўғрисида фикр юритади.

Радиоизотоп диагностиканинг лаб. радиометрияси, клиник радиометрия, клиник радиография ва сканирлаш усуллари кўп қўлланади. Лаб. радиометриясида кон, сийдик ва ахлатнинг маълум қисмини текшириб, нишонланган бирикманинг борйўқлиги аниқланади. Бу усул қон плазмаси ҳажми ва ундаги қизил таначалар сонини аниқлашда қўлланади. Клиник радиометрия аъзо ва тўқималарда тўпланган нишонланган бирикмаларни бемордаги нурланишни ташқи томондан ўлчаш йўли б-н аниқлашга асосланган. Бу усул билан қалқонсимон без функцияси аниқланади. Клиник радиография усулида нишонланган бирикманинг турли аъзоларга ўтиш тезлигини аниқлаш орқали аъзоларнинг физиологик фаоллиги текширилади. Клиник радиографияда махсус радиодиагностик аппаратдан фойдаланилади, радиометрик ўлчов натижалари лента қоғозга эгри чизиқлар кўринишида ёзилиб боради.

Сканирлаш Радиоизотоп диагностиканинг кенг тарқалган усули; аъзо ва тўқималар (жигар, буйрак, ўпка, қалқонсимон без, орқа мия ва бош мия, суяклар, лимфа системаси)нинг маълум радиоактив препаратларни тўплаб боришига ва бунинг натижасини сканир деб аталадиган махсус аппарат ёрдамида қайд қилишига асосланган. Сканирда нурлар импульсларини қабул қилиб оладиган датчик бўлади. Бу датчик бемор танасининг текширилаётган жойи устидан автоматик равишда юриб бориб, нур импульс ларини ўзига қабул қилади ва уларни электр сигналларга айлантириб берадиган мосламага ўтказади, шу мосламадан чиқадиган электр сигналлари уларни қайд қилиб борадиган қурилмага тушади. Электр импульси таъсирида, худди ёзув машинасидагидек, регистратор қора лента устидан қоғозга уриб, унга штрихлар, нуқталар ёки рақамлар кўринишидаги белгиларни туширади. Датчик баданнинг текширилаётган жойи устидан ўтиб бораётганида радиоактив изотопнинг аъзода қанчалик тўпланганига қараб белгилар ҳар хил зичликда тушади. Органнинг радиоактив препаратни кўпроқ ютиб олган қисмларидан сканограммага белгилар анча зич, калин бўлиб тушади. Препарат ўтмаган ёки озроқ ўтган жойлардан эса белгилар тушмайди ёки анча сийрак бўлади.

Радиоизотоплар билан ички органларни сканирлаш текширилаётган органнинг организмда кандай жой олгани, унинг шакли ва каттакичиклигини, шунингдек, унда патологик ўзгаришлар борйўқлигини аниқлашга имкон беради.

Беморларни радиоизотоплар ёрдамида текшириш усулларининг асосий афзаллиги шуки, бунда бемор оғриқ сезмайди ва унга ҳеч қандай зиён етмайди, лекин олинган натижалар анча аниқ бўлиб чиқади. Диагнозлаш мақсадида фойдаланиладиган нишонланган препаратлар киши организмига мутлақо зарарсиздир. Шунинг учун текшириш пайтида бемор нормал режимда бўлади.

Наримон Муродхўжаев.