РАДИОФИЗИКА — физиканинг радиотехника ва унга боғлиқ техника соҳалари асосини ўрганиш билан шуғулланадиган бўлими. Унда частоталари 103 Гц дан 1015 Гц гача бўлган электромагнит тебранишлар ва тўлқинларнинг уйғониши, нурланиши, муҳитда тарқалиши, қабул қилиниши ҳамда параметрлари (частота, амплитуда, фаза ва б.)нинг ўзгариши; тўлқинни ҳосил қилаётган ўзгарувчи электр ва магнит майдонларнинг вакуумдаги ва жисмдаги зарядлар билан ўзаро таъсирлари ўрганилади.
Радиотехника, радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар каби соҳаларнинг кенг кўламда ривожланиши натижасида 20-а. нинг 30—40-й. ларида Радиофизика тўла шаклланди. Радиофизиканинг асосий вазифаси: 1) тебранма тизимларда вужудга келувчи электр ва магнит тебранишларни барча параметрлари билан назарий ва амалий жиҳатдан ўрганиш. Бундан 1—2 Гц дан 10» Гц гача ва ундан юқори частотали тебранишлар ҳосил қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқишда фойдаланилади; 2) радиодиапазондаги электромагнит тўлқинларининг вакуумдаги, газлар ва қаттиқ жисмлардаги ток ташувчилар — зарядлар билан ўзаро таъсирини ўрганиш. Вакуумдаги электрон оқимнинг электромагнит майдон билан ўзаро таъсирини ўрганиш натижасида электрон лампалар ва электрон асбоб (магнетрон, клистрон) лар ихтиро килинди. Электромагнит майдоннинг ионлашган газлар ўзаро таъсирини ўрганиш натижасида газ разрядли асбоблар яратилди. Радиодиапазондаги электр тебранишлар ва тўлқинларнинг яримўтказгич, диэлектрик кристаллар ва ўта ўтказувчан қурилмалардаги электрон жараёнлари билан ўзаро таъсирини ўрганиш натижасида генераторлар, кучайтиргичлар (яримутказгичли диод, транзистор ва б.) яратилди;
3) радиотўлқинларнинг нурланиши ва тарқалишини ўрганиш. Турли хил антенналардан электромагнит тўлқинларнинг нурланиши ва уларнинг муҳитдаги тарқалишини назарий ва амалий ўрганиш радиоалоқа тизимини яратишда муҳим аҳамиятга эга. Радиосигналларни Ердан ташқарида ёки унинг ичида тарқалиши ҳам муҳим масалалардан бири бўлиб, Радиофизика уларни атмосфера, тропосфера, ионосфера ва космик фазода тарқалишини барча геофизик ва космик кўрсаткичларини ҳисобга олиб, геофизика билан бирга ўрганади.
Радиофизиканинг ривожланиши янги ҳодисаларнинг очилиши ва уларни амалга ошириш б-н; унинг муваффақиятлари яқин соҳалар — диэлектриклар физикаси, яримўтказгичлар физикаси, квант электроника, ўтказгичлар физикаси билан узвий боғлиқ. Радиофизиканинг баъзи бўлимлари физиканинг мустақил соҳаси (радиоастрономия, радиоспектроскопия, радиометеорология ва б.) бўлиб қолди.