РАДИАЦИОН ГИГИЕНА — радиоактив моддалар ва ионловчи нурларнинг инсон организмига таъсирини ўрганадиган фан, гигиенанинг бир бўлими. Радиоактив моддалар билан ишлайдиган кишилар ва умуман аҳолини нурланишдан сақлаш учун санитариягигиена қонунқоидаларини ишлаб чиқади.
Радиацион гигиена мустақил фан сифатида 1946 й. (АҚШнинг Тинч океанда ўтказган ядро қуроли синовидан сўнг) юзага келди. Радиацион гигиена, асосан, ионловчи нур манбалари бўлган корхона ёки муассасалар биноси, ҳудуди ва ҳ. к. нинг дозиметрияси масалалари билан шуғулланади, радиоизотоплар, рентген аппаратлари, гамма нурлар билан ишлайдиган ишчиларнинг индивидуал дозиметриясини назорат қилади, меҳнат гигиенаси муаммоларини ҳал қилиш ва атом саноати корхоналари, уран, торий конлари, кимё, металлургия, машинасозлик ва б. саноат корхоналари ишчиларининг радиацион хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини кўради. Шунингдек, ташқи муҳит (ҳаво, ер, сув ва ўсимликлар) ни радиоактив моддалар билан ифлосланиш жараёнлари ва бу муҳитнинг аҳоли соғлиғига, инсон наслига таъсирини ўрганади. Радиоактив моддалар билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотларини санитария-экспертиза қилиш усулларини ишлаб чиқади ва радиоактив чиқиндиларни йўқотиш устидан санитария назорати олиб боради.