РАДИАЦИОН БЕЛБОҒЛАР

РАДИАЦИОН БЕЛБОҒЛАР — сайёра хусусий магнитосферасининг соҳаси; шу магнитосфера тутиб қолган юқори кинетик энергияли зарралар (протонлар ва электронлар, альфазарралар) дан иборат тешик кулча кўринишидаги сайёрани ўровчи камарлар. Радиацион белбоғларда зарралар магнит майдони (Лоренц кучи) таъсирида мураккаб траекториялар бўйлаб сайёранинг Шим. ярим шаридан Жан. ярим шарига томон ва, аксинча, ҳаракатланади. Ернинг Радиацион белбоғлари, одатда, ички ва ташқи қисмларга бўлинади (қ. Ер магнетизми). Ернинг магнит майдони Коинот (аксарият Қуёш) дан келаётган зарралар учун қафас ролини ўташи мумкинлигини 20-а. бошларида норвегиялик олимлар Биркелинд ва Штермер башорат қилишган.

Маълумки, магнит майдонига кирган заррага Лорентц кучи ва зарра тезлигига перпендикуляр куч таъсир қилади. Бу куч таъсирида зарра магнит куч чизиклари атрофида магнит майдони индукция векторига тик текислик билан айлана бошлайди. Циклотрон айланиш (Лармор) радиуси г зарра массаси ва тезлигига тўғри пропорционал бўлиб, унинг заряди ҳамда магнит майдони индукция вектори (В) га тескари пропорционал бўлади. Бинобарин, майдон кучланганлиги қанча катта бўлса, лармор радиуси шунча кичик, зарранинг энергияси (яъни тезлиги) қанча катта бўлса, айлана шунча катта бўлади. Агар Ернинг магнит «қафаси»га тушган зарранинг лармор радиуси Ер радиуси (ТУдан анча кичик бўлса (г «R), зарра Ер сиртигача етиб бормайди ва геомагнит майдонида тутилиб қолади.

Ер магнит майдони тутиб қолган зарралар соҳаларини ўрганишга доир дастлабки тадқиқотлар натижасида геомагнит экватор атрофида Ерни ўровчи ва аниқ чегаралари бўлган 2 та улкан ҳалқа кўринишдаги, асосан электрондан ташкил топган Радиацион белбоғлар мавжудлиги аниқланди. Улар ички ва ташқи Радиацион белбоғлар деб аталади. Ташқи электрон белбоғ экватор қисмида Ер марказидан унинг 4 — 6 радиусига тенг масофага чўзилган соҳани ўз ичига олиб, энергияси ўнлаб КэВ дан МэВ гача бўлган электронлардан ташкил топган.

Ички электрон белбоғ — радиациянинг қуйи чегараси яқинида жойлашиб, энергияси бир неча КэВ дан юзлаб КэВ гача бўлган электронлар зарраларнинг асосий қисмини ташкил этади. Бу соҳани 1958—1962 й. ларда америкалик олимлар атмосферада ўрганишган ядро портлашлардан ажралган электронлар б-н тўлдирди. Ташқи ва ички электрон белбоғлар орасида электронлар оқими Ер марказидан 3—4 Ер радиуси масофасида минимумга тушади.

Радиацион белбоғлар соҳасида Ерга келаётган протонларнинг энергияси Радиацион белбоғлар ташқи чегарасидан қуйи чегарасигача 100 КэВ дан ўнлаб МэВ гача ортади. Бунда протонларнинг умумий оқими хам 3,5 Ер радиуси масофасигача ортиб, сўнгра камая боради. Электронлар оқимининг минимуми кузатилган жойда (Ер марказидан 3,5 радиус масофада) протонлар белбоғи ҳосил бўлади. Протонлардан ташкил топган Радиацион белбоғлар Ернинг магнит майдонига сезиларли таъсир кўрсатади.

Ернинг Радиацион белбоғлар космик парвозларда космонавтлар ҳаёти учун катта хавф туғдиради. Шунинг учун Ойга, сайёраларга парвозларда учиш траекториялари, Радиацион белбоғлар билан кесишмайдиган қилиб танланади. Гигант сайёралардан Юпитер ва Сатурннинг атрофидаги кучли магнитосфера улкан сайёраларнинг геомагнит экваторларини ўровчи кучли Радиацион белбоғларни вужудга келтиради.