РАБОТИ МАЛИК

РАБОТИ МАЛИК, Шоҳ работи Ўрта Осиёдаги монументал меъморий ёдгорлик (тахм. 1069—79) . Қад. Бухоро — Самарқанд йўлининг Чўли Маликдаги йирик чегара ва савдо бекатида бунёд этилган. Катта карвонсарой, ҳоз. Навоий ш. яқинида. Бизгача унинг фақат пештоқ қисми (диаметри — 12,6 м.) сақланган. Жан. минораси (бал. 5,5 м) 1930 й. гача мавжуд бўлган. P. M. карвонсарой вазифасидан ташқари, истеҳком, қўрғон сифатида ҳам муҳим роль ўйнаган. Работ катта кенг ҳовли (22,5×22,5 м) ва атрофи ўралган 2 қаватли хона-ҳужралардан иборат бўлиб, уларга сопол қувурлар орқали сув ўтказилган. Марказий қисми тўридаги муҳташам сарой олди бир қаторли равоқли айвон (7,5×13 м) 2 қанотига жойлашган. 20 та ғиштин устун ишланган. Унга жан. даги пештоқли дарвоза орқали кирилган. Атрофи қалин деворлар билан ўралган (жан. ва шим. бал. 2,35 м, ғарб ва шарқий қисми 1,5 м, уз. 84—86 м, олд девор бал. 12 м га яқин). Майдонга қараган жан. тарзи ўртасидаги улкан пештоқ (бўйи 18 м, эни 12 м) Ўрта Осиёда энг қад. бўлиб, 8 киррали юлдузлар, турли ҳандасий шакллар мавжуд. 2 чеккасида бурж бўлиб, улар ўзаро баланд девор билан уланган. Девор ўртасида пилтавор буржлар қатори тепаси кичраювчи равоқлар билан боғланган. Девор юқориси ғиштин куфий хатлар билан ҳошияланган. Буржлар тепасида равоқли кўшк бўлиб, ундан атрофни кузатиш қулай бўлган. Кўшк остида ганчдан ясалган икки қатор йирик шарафа ва куфий хат ҳалқаси кўзга ташланади. Работ деворларининг ўзаги хом ғиштдан (28x28x6,5 см) терилган, сирти пишиқ ғиштдан (24x24x4 см) ишланган. Безаклари, асосан, ғиштин, оз миқдорда ўйма ганч нақшлар ҳам учрайди. P. M. харобаси давлат муҳофазасига олинган.

Ад.: Художественная культура Средней Азии XII—XIII веков, Т., 1983.