РАБОДХЎЖА ҚЎРҒОНИ

РАБОДХЎЖА ҚЎРҒОНИ, Рабоди Хожа — қад. истеҳком. Самарқанднинг жан. шарқида, Зарафшон дарёсининг чап соҳилида, Дарғом каналининг бош тўғони ёнида барпо этилган. Илк ўрта асрларда у «Варқсар» («Тўғонбоши») номи билан машҳур бўлган. Рабодхўжа қўрғонининг сақланиб қолган ташқи девори қолдиғига қараганда, қўрғоннинг уз. 600 м, кенглиги 300 м ва майд. 18—20 га, учта дарвозаси бўлган. Рабодхўжа қўрғони муҳим стратегик аҳамият касб этган. Табарийнинг ёзишича, халифаликка қарши Самарқандда кўтарилган қўзғолонни бостириш учун Хуросон ноиби Хузайна 721 й. Р. қ. га хужум қилиб, Дарғом каналини боғлашга ҳаракат қилган. Бироқ, сўғдийлар кўрғонни қаттиқ мудофаа этганлар. 736 й. Хуросон ноиби Асад ибн Абдуллоҳ ҳам Рабодхўжа қўрғонини эгаллаб, самарқандликларни сувсиз қолдиришга уринган. Шу туфайли Рабодхўжа қўрғонида қадимдан катта ҳарбий куч сақланган. Насафийнинг маълумотига кўра, 12-а. да Рабодхўжа қўрғонида 4 минг суворий ва 12 минг пиёда жангчи яшаган. 15-а. да Рабодхўжа қўрғони атрофида 40 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган. Уларга Самарқанд ҳокими томонидан Дарғом каналининг бош тўғонини назорат қилиб туриш ва тузатиш топширилган бўлиб, бу хизматлари учун улар давлат томонидан солинадиган хирождан озод этилганлар. Рабодхўжа қўрғонида тўғончилар бошлиқларидан Абу Закариййа Варақсарий (844 й.) ва Хожа Закариййа Варақ (12-а.)лар дафн этилиб, пишиқ ғиштдан мақбара бино қилинган. Шу боис бу қўрғон Рабоди Хожа номи б-н шуҳрат топган.

Ад. Муҳаммаджонов А., Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи, Т. 1972. Абдулаҳад Муҳаммаджонов.