МЯО-ЯО ТИЛЛАРИ

МЯО-ЯО ТИЛЛАРИ — Шарқий Осиёдаги қариндош тилларнинг кам ўрганилган гуруҳи; бошқа тил гуруҳлари ёки оилалари билан муносабатлари аниқ эмас. Эҳтимол, М.-я. т. алоҳида тил оиласини ташкил қилади. Сўзлашувчилар миқдори Хитойда 7 млн. дан, Вьетнамда 1 млн. дан ортиқ кишини ташкил этади. Асосий тарқалиш минтақаси — Хитойнинг маркази ва жануби; қисман Вьетнам, Лаос, Таиланд ва Мьянма (кейинги давлатдаги сўзла-шувчиларни асосан кўчиб келган аҳоли ташкил этади). М.-я. т. да мяо, яо, шэ, гэлао халқдари сўзлашади, деб ҳисоблансада, бу исботини топмаган.

М.-я. т. бўғинли (силлабик) тилларга мансуб; морфемалар ва содда сўзлар бир бўғинлидир. Сўзларнинг гапдаги грамматик муносабатлари сўз тартиби ва ёрдамчи сўзлар орқали ифодаланади. Баъзи ҳолларда мяо ва яо тилларидаги сўз тартиби ўзаро фарқланади.

М.-я. т. яқингача ҳам ўз ёзувига эга бўлмаган. 20-а. бошларида миссионер С. Поллард мяо тилининг бир лаҳжаси учун белгилари биронбир алифбога асосланмаган, оддий геометрик шаклларга ўхшаш махсус ёзув яратган. Ҳоз. пайтда Хитойдаги мяо ва яо ҳамда Вьетнамдаги мяо тиллари лотин алифбоси асосидаги ёзувга эга.