МУСОВОТ

«МУСОВОТ» (араб. — тенглик) — Озарбайжондаги тараққийпарварлар ташкил қилган миллий партия (1911 — 1920). Ганжа ва Боку ш. ларида тузилган, дастлаб «Мусовот мусулмон демократик партияси» номи билан яширин фаолият кўрсатган. Асосан зиёлилар, миллий буржуазия вакиллари ва уламолардан иборат бўлган. Партиянинг ғоявий раҳбари ва ташкилотчиси М. Расулзода, нашри дастлаб «Очиқ сўз», кейинчалик «Истиклол» ва «Наш путь» газ. лари. Шиорлари — турклашмоқ, исломлашмоқ, замонавийлашмоқ бўлган. Мусовотчилар б-н Туркистондаги тараққийпарварлар ўртасида алоқалар мавжуд эди. Окт. тўнтаришидан сўнг «Мусовот» озарбайжон халқининг мустақиллик учун курашига раҳбарлик қилди. 1918 й. сент. да Бокуни қизил аскарлардан озод қилиб, ҳокимият тепасига келган мусовотчилар полиция, армия ва бошқарув аппаратини ташкил этишди. Туркия билан ҳарбий ва сиёсий итти-фоқ тузилиб, турк қўшинлари мамлакатга киритилди. Бироқ минтақада большевиклар таъсирининг кучайиши оқибатида «Мусовот»чилар ҳукумати фаолияти заифлашди. 1920 й. 28 апр. да Озарбайжон Республикаси кизил аскарлар томонидан ағдариб ташланди ва совет режими ўрнатилди. Партия фаоллари қамоққа олинди. Озодликда қолганлари яширин фаолият кўрсатиб, кейинчалик хорижга кетишга мажбур бўлди. Ад.: История национальных политических партий России, Мусовот, 1997.