МУСИҚАЛИ КОМЕДИЯ

МУСИҚАЛИ КОМЕДИЯ — кулгили, ҳажвий мазмун асосида (франц. водевиль, нем. зингшпиль, итал. буфф опера, оперетта каби) яратилган мусикавий саҳна асари. Таркибан муещали драмата яқин бўлсада, лекин ундан мусиқий тили ва ҳажвий мазмуни билан ажралиб туради. Бу жанрнинг илдизлари қадим замонларга, Шарқ ва Ғарб халқларининг оғзаки ижодиёти, қизиқчи ва масхарабозлар санъатларига бориб тақалади. Ўзбекистонда Мусиқали комедия юзага келиши, мусиқали драманинг жадал ривожи, мавзу доирасининг кенгайиши билан узвий боғлиқ. Дастлаб (1920й. лар охирида) ҳажвий сюжетга асосланган мусиқали спектакллар қўйилиб, уларга мусиқаларни режиссёр (баъзан драматург)лар ўзбек халқ куй ва қўшиқ (хусусан лапар, ялла)ларидан танлашган. Ҳамзанинг «Қармоқ» ва «Майсаранинг иши», К. Яшиннинг «Ажи-ажи», Хуршиднинг «Ёмон ўғил», «Туллак», «Баҳор», Б. Халилнинг «Ошиқлар», С. Абдулланинг «Узунқулоқли қазрат» каби асарлари шу тарзда саҳналаштирилган. 1940-й. лар охирида ўзбек Мусиқали комедияси мустақил жанр сифатида шаклланди. Асардаги мавзу ва ғоя ҳажвий-юмористик вазият, хрлат, характерлар билангина эмас, балки уларга монанд мусиқа (якка қўшиқ, ашула, хор ва рақсбоп куйлар) воситасида ифодаланди: халқ театри хусусиятлари, диалогларда аския анъаналарига кенг таянилди. Уйғун ва М. Левиевнинг «Олтин кўл» (1949) асари Мусиқали комедиянинг илк юксак намунасидир. 50—60-й. ларда Мусиқали комедияга эътибор кучайиб, мазкур жанр ўзбек бастакор ва композиторлари ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Mac, Ҳ. Ғулом пьесалари асосида Мусиқали комедия Левиев «Тошболта ошиқ», «Ажаб савдолар», Ғ. Ғулом пьесаси асосида «Замонали ва Омонали», Ҳ. Муҳаммад пьесаси асосида «Тошкентнинг нозанин маликаси», Ж. Жабборов пьесалари заминида Ик. Акбаров «Ўжарлар» ва «Йиллар ўтиб», Туроб Тўла пьесаси асосида «Қизбулоқ», К. Шанғитбоев асари асосида А. Муҳаммедов «Жон қизлар» М. к. лари яратилган. Кейинчалик Мусиқали комедия Тожиев («Чол ва кампир»), М. Маҳмудов («Ҳийлаи шаърий», «Тўйлар муборак»), М. Бафоев («Еттинчи жин»), Ф. Олимов («Сойибхўжа операцияси», «Суперқайнона») каби композиторлар Мусиқали комедия жанрида муваффақиятли ижод қилишди.

Аҳмаджон Жабборов.