МУРТАК ХАЛТАЧАСИ

МУРТАК ХАЛТАЧАСИ, муртак қопчаси (Saccus emryonalis) — нуцеллусдаги ҳужайралардан (археоспоралардан) бири. Икки марта бўлиниб, хромосомалар сони редукцияланади. Янги ҳосил бўлган тўртта ҳужайрадан биттаси тез ўсиб, катталашади ва қолган учтасини ҳамда нуцеллуснинг анчагина қисмини сиқиб чиқара бошлайди. Ана шу катталашган ҳужайра мегаспора (макроспора) бўлиб, муртак халтачаси деб аталади.