МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ

МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ (ҳуқуқда) — фуқаро ёки юридик шахснинг ўз харакатлари билан ҳуқуққа эга бўлиш ва ўзи учун мажбурият яратиш қобилияти. Фукаронинг Муомала лаёқати тўла ёки тўла бўлмаган ҳажмда бўлиши мумкин. Тўла ҳажмда Муомала лаёқатига шахс 18 ёшга тўлгач эга бўлади. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ва 14 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг Муомала лаёқати тўла ҳажмда бўлмайди. Ушбу ёшдаги вояга етмаганлар қонунда назарда тутилган харакатларни қонуний вакилларининг розилиги ёки мустақил равишда бажаришларига йўл қўйилади (қ. Вояга етмаганлар). Фуқаронинг тўла ҳажмда Муомала лаёқатига эга бўлиши унинг ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятига баҳо бера олиш, улар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушуниш қобилиятига эгалиги б-н белгиланади. Фуқаронинг ўз хаттиҳаракатларининг аҳамиятига тушуниш қобилияти унинг руқий жиҳатдан соғлом, ақли расо бўлишига ҳам боғлиқ. Бундай жиҳатларга эга бўлмаган фуқаролар муомалага лаёқатсиз деб ҳисобланади.

Ҳожиакбар Раҳмонқулов.