МУҲАММАД РАҲИМ

МУҲАММАД РАҲИМ, Муҳаммад Раҳимбий оталиқ (1709 — 1758.24.3) — манғитлар сулоласининг асосчиси, қушбеги, Бухоро хони (1756—58). Муҳаммад Ҳакимбийнмнг ўғли. Отасининг кўмаги билан Аштархонийлардан Абулфайзхон саройида юқори лавозимларда хизмат қилган. Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг Бухорога ҳужумидан кейин мамлакатда унинг мавқеи янада ошган ва Абулфайзхоннинг қизига уйланган. Бухоронинг об-рўли кишиларидан 12000 нафарга бош бўлиб, уларни оқ уйлик сифатида Эрон пойтахти — Машҳадга олиб келган. Кейинчалик каттақўрғонлик Ибодуллоҳбий бошчилигида хитойқипчоқ қавмлари кўтарган исённи бостириш учун Нодиршоҳнинг буйруғи билан Бухорога қайтади (1745) ва қушбеги — бош вазир лавозимини эгаллайди. Айнан шу пайтдан бошлаб у Бухоро хонлигинииг амалдаги ҳукмронига айланган. Муҳаммад Раҳим буйруғи билан 1747 й. да Абулфайзхон Мир Араб мадрасаси ҳужраларидан бирида ўлдирилади. Тахтга Абдулмўминхон (ҳукмронлиги: 1747 — 51), Убайдуллахон III ибн Абдулмўминхон (ҳукмронлиги: 1751—54), Шерғози (ҳукмронлиги: 1754—56) ни ўтқазиб, бу қўғирчоқ хонлар даврида марказий ҳокимиятга бўйсунишни хоҳламаётган Миёнкол, Нурота, Ургут, Жиззах, Ўратепа, Хўжанд, Тошкент, Шахрисабз, Бойсун, Ҳисор, Қубодиён ва б. бекликлар устига юриш қилиб, уларни бўйсундиради. Бурқут, баҳрин, кенагас, қипчоқ, юз, сарой ва б. қавмларни мамлакатнинг турли ҳудудларига кўчириб, хонликнинг яхлитлиги ва хавфсизлиги учун изчил курашган. Урушлар туфайли вайрон бўлган Дарғом каналини қайта тиклаттирган. Бухоро ш. нинг мудофаа девори мустаҳкамланиб, бал. 2 м. ли янги девор қурилган (1752—53). М. Р. Бухоро тахтига расмий равишда хон бўлиб ўтиргач (1756.16.12), манғитлар сулоласининг хукмронлиги бошланди. У Хива хонлигидаги сиёсий низолардан фойдаланиб, тахтга ўз одамларини ўтқазган. Бухоролик тарихчи Мирзо Абдулазим Сомий Бўстонийнинг ёзишича, Ғиждувон туманидан қайтаётганда йўдда вафот этган. Бухородаги Шоҳруд анҳори бўйида, Мозор дарвозасидаги Абу Бакр Тархон қабристонида дафн этилган.

Лй.:Мирза Абдал’ азим Сами, Тарихи салатини мангитиййа, Муҳаммад раҳим, 1962; Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001.

Қаҳрамон Ражабов.