МУҲАММАД АМИНХОН МАДРАСАСИ

МУҲАММАД АМИНХОН МАДРАСАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1852—55). Муҳаммад Аминхон қурдирган. Ичан қалъанинг ғарбий қисмида жойлашган. Мадраса икки қаватли. Биринчи қаватидаги ҳужралар даҳлизли, иккинчи қаватдагилар айвонли. Бу услуб Хива мадрасалари меъморлигида илк бор шу бинода қўлланилган. Айвонларнинг қурилиши содда, ҳовлининг умумий меъморлигига мое. Икки қаватли айвонлардаги қанослар ва қарама-қарши қўйилган пештоқлар сиркор парчинлар билан нақшланган. Ҳужралар томи балхи гумбаз билан беркитилган. Шарқий қанотидаги масжид ва ғарбий қанотидаги дарсхонанинг гумбазлари бурчакларидан чиқарилган тоқили қия сатҳбағалга қўйилган. Пештоқининг 6 қиррали куркам равоғи ҳам сиркор парчинлар билан безатилган. Масжиднинг баланд гумбази пештокидан анча юқори кўтарилиб туради. Мадрасанинг баланд ва безакдор пештоқи ўзига хос майда равоқчаларга бўлинган, бурчакларидаги мезанали гулдасталар бинога салобат ва гўзаллик бағишлайди. Бинода Хива меъморлик мактабига хос услубларнинг энг яхши намуналари қўлланган. Бош тарзидаги миёнсарой 2 ошёнли, 5 гумбазли бўғимларга ажратилган. Ёғоч ўймакорлигида ишланган эшик ва панжаралар ноёб санъат асари ҳисобланади. Умумий тарҳи — 77×60,0 м; ҳовли 38,0×38,0 м; масжид 9,4×8,4 м; дарсхона 5,6×5,6 м. Мадраса таъмирланиб, меҳмонхона учун мослаштирилган, ўтмишда йирик ўқув даргоҳи ва шаҳар девонхонаси бўлган.