МУҒ ҚАЛЪА

МУҒ ҚАЛЪА, Қалъаи Муғ — истеҳқом қалъа харобаси (5—6-а. лар). Қум дарёсининг Зарафшон дарёсига келиб қуйилиш бурчагидаги (Тожикистон) тоғ чўққиси устига қурилган 2 қаватли қаср-қўрғон. Бу қурилиш ундан аввалги иншоот ўрнида амалга оширилган бўлиши эҳтимол. Чунки, қад. юнон манбаларида забт этиш мушкул бўлган «суғд қоялари» ҳақида маълумотлар учрайди. Олимларнинг фикрича, Муғ қалъа шундай истеҳком «қоя»лардан бири бўлган. Ўрта аср ёзма манбаларида Муғ қалъага нисбатан абаргар номи ишлатилган и ҳам маълум. Бу суғдча атаманинг маъноси «тоғ устидаги» демакдир. Муғ қалъада 1932 й. да тасодифан бир суғдча ҳужжат топилиши унинг хароба қолдикларида археологик қазиш ишлари бошланишига сабаб бўлди. 1932—33 й. ларда А. В. Васильев, 1947 й. да В. А. Воронин ўрганган. Муғ қалъада ўтказилган қазишмалар натижасида мустаҳкам девор билан ўралган ихчам ҳовли юзаси ҳамда қамал ҳолатда яшашга мўлжалланган хўжалик ва турар жой бинолари мажмуидан иборат қўш қаватли иншоот қолдиклари намоён бўлди. Юзлаб моддий ашёвий топилмалар билан бир қаторда Муғ қалъа харобаларида суғд, қад. туркий, хитой ва араб ёзувлари билан битилган 80 та ҳужжатдан иборат қад. архив қўлга киритилди (яна қ. Муғ қалъа ҳужжатлари). М. қ. ёзма ёдгорликларининг гувохдик беришича, қалъа араб истилоси даврида (722 й.) вайронага айлантирилган. Муғ қалъада Панч (илк ўрта аср Панжикенти) қокими Деваштич ўз яқинлари ва аркони давлати билан қамал қилиниб асир олинган, кейинчалик қатл этилган. Иншоот эса бузиб ташланган.

Ад.: Согдийский сборник. Сборник статей о памятниках согдийского языка и культуры, найденных на горе Муг, Л., 1934; Согдийские документы с горы Муг, Муғ қалъа, 1962 — 1963; Исҳоқов М ., Сўғдиёна тарих чорраҳасида, Т., 1990; Унутилган подшоликдан хатлар, Т., 1992.