МОНЦОНИТ

МОНЦОНИТ (Италиядаги Монцони тоғи номидан) — кристалли магматик тоғ жинси; тахм. тенг микдордаги калийнатрийли дала шпати (ортоклаз ва Лабрадор) ва темирли магнезиал минераллардан тузилган. Монцонитнинг нордонроқ хилларида озроқ миқдорда кварц бўлади. Таркибидаги минералларнинг нисбатига кўра, Монцонит ли жинслар габбро ва сиенит оралиғида бўлади. Текстураси, асосан, массивли. Ранги кулранг, кулранг-пушти. Қорамтир минерал бўйича авгитли, биотитли ва ҳ. к. бўлади. Физикавий хоссаси диоритга яқин Монцонитлар зич, йирик донадор жинс си-фатида алоҳида массивларни ҳосил қилади. Мураккаб таркибли интрузивлар тузилишида иштирок этади. Монцонитнинг порфирли турлари Ўзбекистонда Қурама тоғларида учрайди. Хорижда Украина, РФ (Байкал атрофида), Италия, Норвегия ва б. мамлакатларда бор. Жилоланувчи турларидан қурилиш материали сифатида фойдаланилади.