МОНТАЛЕ

МОНТАЛЕ (Montale) Эуженио (1896.12.10, Генуя – 1981.12.9) – итальян шоири ва танқидчиси. 20-й. лар — 40-й. ларнинг 1-ярмида герметизм — ўзига хос белгилари хавотир, ғам-алам, фожиавийлик, айни пайтда – фашизмни тан олмасликдан иборат адабий оқимнинг тарафдори бўлган. Монтале шеърияти мазмунининг бойлиги ва мураккаблиги билан ажралиб турсада, шаклий мураккаблик унга хос бўлмаган. Биринчи шеърлар тўплами — «Каракатица косачаси» (1925) ўша давр итальян шеъриятидаги анъанавий усулларда ёзилган. Монтале «Божхоначининг уйи» ва бошқа шеърлар» (1932), «Ҳолатлар» (1939), «Финистерре» (1943) ва б. асарлар муаллифи. Урушдан кейинги йилларда маълум даражада герметизм кўринишларидан қутула олган («Бўрон ва бошқа шеърлар», 1956; «Сатура», 1972; «Тўрт йиллик дафтар», 1977). Мусиқа ва адабиёт соҳалари танқидчиси бўлган. Нобель мукофоти лауреати (1975).