МОМБАСА

МОМБАСА — Кениядаги шаҳар, Ҳинд океанидаги маржон оролида, материк билан дамба ва кўприк орқали боғланган. Соҳилбўйи провинциясининг маъмурий маркази. Аҳолиси 450 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари). Шарқий Африка ва мамлакатнинг йирик порти (йиллик юк ортиб-тушириш 6 млн. т дан ортиқ) бўлиб, чуқур сув ости причаллари билан жиҳозланган, океан кемалари ҳам кира олади. Т. й. орқали Уганда ва Танзания билан боғланган. Аэропорти халқаро ахамиятга эга. Не-фтни қайта ишлаш, кимё, озиқ-овқат (гўшт к-ти, ун тортиш, шоли оқлаш), тамаки, тўқимачилик саноати корхоналари, кема верфи мавжуд.

Шаҳар 12-а. дан маълум. Йирик савдо шахри бўлган. 1593 й. дан Португалиянинг Шарқий Африка соҳилларидаги мустамлакаси маркази эди. 18-а. дан уммонийларнинг Мазруий сулоласи қўл остига ўтди. 1837 й. дан Занзибар султонлиги таркибида бўлди. Меъморий ёдгорликлардан Иисус форти (16-а.), соборлар, масжидлар, ибодатхоналар сақланган. Туризм ривожланган. Денгиз курорти.